Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийлик журналистлар Бухорода
16:17 / 2022-05-16

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида Бухоро вилоятига саёҳат ташкил этилди.

Навоий вилоятида фаолият юритаётган 40 нафар журналистлар иштирок этган саёҳат таассуротларга бой бўлди. Бухорога саёҳат вилоятнинг Когон туманидаги Хожа Баҳоуддин Нақшбанд  мажмуаси зиёрати билан бошланди. АРК қўрғони, Бухоро минораси ва бир қатор тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларга борилди. 

– Биз кўҳна Бухоро шаҳридаги дунё ҳавас қилган улуғ қадамжоларни зиёрат қилиб, шундай буюк тарихга эга жаннатмакон юртда яшаётганимиздан яна бир бор ғурурландик, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, фахрий журналист Олим Хўжаев. – Асрларга тенг қароргоҳлар, неча минг йиллардан буён савлат тўкиб турган тарихий обидалар юртимизнинг азалий маданияти ва илмий тафаккуридан сўзлайди. 

Саёҳат давомида журналистлар қадимий ва ҳамиша навқирон Бухородаги машҳур обида – Ситораи Моҳи Хоссани ҳам томоша қилишди. 
– Журналистларнинг тарихий билимларини оширишда бундай саёҳатларнинг ўрни катта, – дейди Навоий вилояти телерадиокомпанияси радио гуруҳи катта муҳаррири Гавҳар Турдиева. – Зеро, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган бой маданий меросни ўз кўзингиз билан кўриш ва ўша давр руҳиятини ҳис қилиш тарихий билимларни янада бойитади. Айниқса, бу биз журналистлар учун жуда муҳим. Келгусида ҳам бу каби саёҳатлар ташкил этилишини истаймиз. 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида ҳамкор ташкилотлар кўмагида ОАВ вакиллари учун бошқа вилоятларга ҳам саёҳатлар уюштириш режалаштирилган. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад эса вилоят журналистларини саёҳат кўринишида рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашдир. 

Отабек Аслонов, 
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 
Навоий вилояти бўлими раиси 

ЎзА