Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ёшлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу йилги сайловда Навоий вилоятида 18-30 ёшдаги ёшлар 157 минг 316 нафарни ташкил этиб, уларнинг 5710 нафари илк бора сайловда иштирок этмоқда.
Дилшода Ибодуллаева Навоий шаҳрида истиқомат қилади. У айни пайтда Навоий юридик техникумининг 2-курсида таҳсил олади. Дилшода ҳам кўпчилик тенгдошлари қатори бугун бўлиб ўтаётган Президентлик сайловида илк бор қатнашмоқда.
–Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари иштирокида ўтказилган тарғибот ташвиқот тадбирларида иштирок этдим ва сайлов қонунчилиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдим. Бугунги сайловда ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим, – дейди Д.Ибодуллаева.
Афзал Сулейманов ҳам мазкур сиёсий жараёнда биринчи бор иштирок этаётган ёшлардан бири. У Конимех туманидаги “Янги Ғозғон” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Айни пайтда олий таълим муассасасига ўқишга кириш мақсадида Навоий шаҳрида тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун шаҳардаги 27-сайлов участкасига келиб овоз берди.
[gallery-12673]
– Ўзим Конимех туманининг олис овулларидан бирида истиқомат қилганлигим, айни пайтда эса Навоий шаҳрида вақтинча яшаётганлигим учун ушбу участкага келиб овоз бердим, – дейди А.Сулейманов. – Гарчи вилоятнинг бошқа ҳудудидаги сайлов участкасида рўйхатга олинган бўлсамда, бу ерда ҳеч қанақа муаммога дуч келмадим. Қўшимча рўйхатга киритилиб, ўз фуқаролик бурчимни бажардим.
Вилоятда овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.