Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг 2020 йил 17 апрелдаги «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Ёш гвардиячи» ҳарбий спорт мусобақасини ташкил этиш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қўшма қарори қабул қилинган эди.
Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 15-17 май кунлари Навоий вилоятида Миллий гвардия бўлинмаларига бириктирилган ихтисослашган синфлар ўқувчилари ўртасида «Ёш гвардиячи» мусобақасининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Унда Навоий шаҳридаги 1-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослашган умумтаълим мактабининг «Амир Темур издошлари» жамоаси 1-ўринни эгаллади.
Ўқувчи-ёшларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшларни миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилишга қизиқтириш ва босқичма-босқич тайёрлаб боришга йўналтирилган мусобақа ўқувчилар ўртасида ҳарбий интизомни шакллантириш, жисмоний чиниқтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Мусобақа ташаббускорлари томонидан уларнинг бошланғич ҳарбий тайёргарликлари алоҳида эътироф этилиб, 8 нафар ўқувчининг ҳар бирига сўнгги русумдаги велосипед ва мактаб ихтиёрига замонавий компьютер жамланмаси тақдим этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА