Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийлик хотин-қизларимизга эҳтиром кўрсатилди
18:31 / 2026-03-06

Навоий вилояти ҳокимлигида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Вилоятдаги фаол, турли соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган хотин-қизлар иштирок этган тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда хотин-қизлар манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, улар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб, барчамиз учун севимли бўлган онажонларимизни, меҳрибон опа-сингилларимизни, дилбар аёлларимиз ва мунис қизларимизни байрам билан қутлади.  

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламдаги амалий ишлар олиб борилмоқда.

[gallery-28030]

Жумладан, биргина 2025 йилнинг ўзида 3370 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар таълимдаги давлат имтиёзларидан фойдаланишди. Бу йўналишдаги дастурларга 44,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Уй-жойга муҳтож 200 нафар аёлга бошланғич бадал сифатида 6 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, уй-жой таъмири дастурларига 2,3 миллиард сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, 2025 йилда “Аёллар дафтари” тизими доирасида 30 мингдан ортиқ хотин-қизларга умумий қиймати 40 миллиард сўмдан ортиқ бўлган ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар ажратилди. Эҳтиёжманд аёлларнинг 75 нафарига махсус жарроҳлик амалиёти кўрсатилди.  

Аҳоли саломатлигини сақлаш ва муҳофаза қилиш мақсадида 9 та тиббиёт муассасаси янгидан барпо этилди, 8 тасида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 18 та энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари, жорий йилда қарийб 150 минг нафар хотин-қизларда саратон касаллиги скрининги ўтказилади.

Бугун олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган хотин-қизлар улуши 59,5 фоизни ташкил қилади, олий таълимдан кейинги таълим тизимида эса бу кўрсаткич 73,4 фоизга етказилди.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш мақсадида ўтган йилнинг ўзида 130 миллиард сўм кредит ажратилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги уч йил ичида аёллар иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 19 фоиздан 23 фоизгача ошди ва 5152 тага етди.  

Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг фармони билан 4 нафар вилоят хотин-қизлари турли даражадаги давлат мукофотлари ва 2 нафари Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.  

Тадбирда Президент фармонига кўра мукофотланган хотин-қизларга давлат мукофоти, бир гуруҳ фаол хотин-қизларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони ва вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тадбирнинг тантанали қисми “Оқсарой” базмгоҳида давом этди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари