Навоий вилоятидан бир гуруҳ масъуллар ва тадбиркорлардан иборат делегация Наманганга ташриф буюрди.
Биринчи манзил Давлатобод туманидаги “Fazman Garment Industry” корхонаси бўлди. Тикувчиликка ихтисослашган мазкур корхонанинг лойиҳа қиймати 40 млн. долларни ташкил этади ҳамда тўлиқ қувватда иш бошлагач, бу ерда бандлиги таъминланганлар сони 3 минг нафарга етади. Йиллик экспорт ҳажми 15 млн. долларга тенг корхонада ҳозирда “Машҳур” бренди остида эркаклар, аёллар ва болалар учун турли бичимдаги кийимлар ишлаб чиқарилмоқда.
Делегация аъзолари бу ердаги шарт-шароитлар, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг Давлатобод туманидаги Гулобод маҳалласига келдилар.
[gallery-18131]
Гулобод маҳалласида бугунги кунда 3 ярим мингдан зиёд аҳоли яшайди. Гулободликлар тадбиркорлиги, айниқса, асаларичиликда катта тажриба мактабига эгалиги билан танилган.
Навоийлик меҳмонларда маҳалладаги Асаларичилик маркази катта таассурот қолдирди. Замонавий қиёфадаги марказнинг ишлаб чиқариш қуввати 150 тоннага, йиллик экспорт ҳажми 500 минг АҚШ долларига тенг.
Навбатдаги манзил эса Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” кичик саноат зонаси бўлди. Салкам 4 гектарлик ҳудудда умумий қиймати 118,7 млрд. сўмлик, шундан 103,7 млрд. сўм маблағ ташаббускорлар улуши ва 15 млрд. сўм банк кредити маблағи эвазига жами 22 та лойиҳа ишга туширилган.
Кичик саноат зонасида йилига 56,2 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда ишлаётганлар сони 3 минг нафардан зиёддир.
Худди шундай, “Баркамол авлод” кичик саноат зонасида ҳам “Balance tеx”, “Ғаймур текстиль”, “Sifat yogʻoch mebel” ҳамда “Master class dizay” каби юзлаб иш ўрнини яратган истиқболли корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Навоий вилояти делегацияси вакиллари мазкур корхоналарда бўлиб, тадбиркорлар учун мавжуд имконият ва имтиёзлар ҳақида аниқ маълумот ҳамда тасаввурга эга бўлдилар.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА