Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида спорт соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар сарҳисобига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Соҳа масъуллари ҳамда спортчилар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов қатнашиб, ҳудудда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, у навоийлик спортчиларнинг 2025 йил давомида қўлга киритган ютуқларини алоҳида эътироф этди.
Учрашувда таъкидланганидек, навоийлик спортчилар 2025 йил давомида ўтказилган Ўзбекистон, Осиё, Жаҳон чемпионати ва кубоклари ҳамда нуфузли халқаро спорт мусобақаларида жами 1859 та – 525 та олтин, 577 та кумуш ва 757 та бронза медалларни жамғардилар. Уларнинг 1540 таси Ўзбекистон чемпионат ва кубокларида, 116 таси Осиё чемпионат ва кубокларида, 108 таси Жаҳон чемпионат ва кубокларида ҳамда 95 таси нуфузли халқаро мусобақаларида қўлга киритилган.
[gallery-26817]
Жумладан, 2025 йил 22-31 октябрь кунлари Баҳрайн давлатининг Манама шаҳрида ўтказиладиган 3-Ёшлар Осиё ўйинлари, 25 сентябрь - 9 октябрь кунлари Озарбайжон давлатида ўтказиладиган 3-МДҲ ўйинлари ва 7-21 ноябрь кунлари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказиладиган Ислом бирдамлиги ўйинлариспорт мусобақаларининг ҳар бирида 5 тадан медалга эгаллик қилди.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 7-14 декабрь кунлари ўтказилган V Ёшлар Пара Осиё ўйинларида навоийлик спортчилар пара енгил атлетика, пара таеквондо, пара сузиш, пара армрестлинг ва пара пауерлифтинг спорт турлари бўйича иштирок этиб, жами 33 та медаль – 25 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медалига сазовор бўлди.
Энг аҳамиятлиси, нуроталик Асадбек Ҳожиев пара сузиш бўйича 7 та олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг умумий ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Тадбирда қатор ютуқларга эришиб, вилоятда спортни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган мураббий ва спортчиларга пул мукофотлари, ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари