Самарқанд шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳалла ёшлари ўртасида кураш бўйича ўтказилган “Бош прокурор кубоги” мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 130 нафарга яқин ўғил-қизлар тўққиз вазн тоифасида куч синашди. Якунда умумжамоа ҳисобида Навоий вилояти ёшлари биринчи ўринни эгаллаб, “Бош прокурор кубоги”ни қўлга киритди. Иккинчи ўрин қашқадарёликларга насиб этган бўлса, учинчи ўринни Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳри ёш полвонлари эгаллади.
[gallery-24276]
– Маҳаллаларда ўтказиладиган тўй курашларида олишиб юраман, – дейди 90 килограмм вазн тоифасида ғолиб бўлган сурхондарёлик Мусулмон Маматқулов. – “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган кураш мусобақасининг финал босқичида ғолиб бўлганимдан хурсандман. Энг муҳими, бу ғолиблик туфайли маҳалламизда спорт майдончаси қурилади.
Мусобақада биринчи ўринни қўлга киритган ёшлар маҳаллаларига универсал, иккинчи ўринга стритбол воркаут, учинчи ўринга воркаут спорт майдончалари қуриб бериладиган бўлди. Шунингдек, шоҳсупага кўтарилган ёшларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари ҳамда уларни мусобақага тайёрлаган спорт масъуллари ва мураббийларга пул мукофотлари топширилди.
Ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов, Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев иштирок этди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари