Жорий йилда навоийлик фермерлар 24 минг 730 гектар майдонга чигит қадаб, 105 минг 130 тоннадан зиёд улкан пахта хирмонини бунёд этди.
Президентимиз ташаббуси билан пахтачиликда хорижнинг илғор тажрибалари қўлланилаётгани, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилиб, фермерлар учун соҳанинг даромад манбаига айлангани вилоят миришкорларининг ютуқлари йилдан-йилга мустаҳкамланишига замин яратмоқда.

Агротехника тадбирларининг ўз вақтида бажарилиши, экиш давридан бошлаб вегетация даврида ресурс тежамкор технологиялар қўлланилиб, харажатлар миқдори камайтирилиши эвазига бир қатор фермер хўжаликларида 50-60 центнергача ҳосилдорликка эришилди.
Гарчи об-ҳаво ноқулай келган ва сув танқислиги кузатилган бу йилги шароитда ҳам вилоят пахтакорлари бой тажрибаларидан оқилона фойдаланиб, мўл ҳосил етиштирди. Жорий йилда вилоят бўйича ўртача ҳосилдорлик 42,5 центнерга етказилиб, етиштирилган пахта хомашёсининг аксарият қисми юқори навларга қабул қилинди.

Жумладан, Қизилтепа туманидаги “Ванғози агро экспорт”, “Сафаробод боғи”, “Қурбон Латиф”, “Ғолиб”, Кармана туманидаги “Муҳиддин Кармана”, “Насимобод”, “Ўзбекистон”, “Севолтепа равнақи”, Навбаҳор туманидаги “Аслонбобо”, “Янги обод”, “Учқун олмос”, “Яҳё бобо – 2000”, Хатирчи туманидаги “Мисхол момо”, “Баҳор бобо”, “Саховатли замин келажаги” ва бошқа ўнлаб фермер хўжаликларида ўртача ҳосилдорлик 45-60 центнерни ташкил этди.
Таъкидлаш ўринлики, агрокластер тизимининг йўлга қўйилиши қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда етакчи бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлашнинг драйвери бўлиб қолмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятда пахта йиғим-терими мавсумини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан қисқа фурсатларда якунлаш мақсадида 757 та терим отрядлари ташкил қилиниб, терилган хомашёни қабул шохобчаларига етказиб бериш учун 253 та трактор ва 1 минг 41 та тиркама жалб этилди.

Пахта далаларидан териб олинган ҳосил “Бахт текстиль”, “Навбаҳор текстиль” ва “Навоий Файзком текстиль” МЧЖ кластерларига қарашли пахта қабул қилиш масканларига топширилди. Масканлардаги электрон тарозилар тўлиқ “агротарози” ахборот тизимига уланган ҳамда ҳосил қабули тизимига интеграция қилинган.
Айни пайтда далаларда ҳосил мўл. Йиғим-терим жараёни эса давом этмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА мухбири