Бугун навоийлик миришкор деҳқонларнинг юзи ёруғ бўлди – вилоят ўз олдига қўйган пахта хомашёси топшириш йиллик режасини бажарди.
Жорий йилда қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан ҳисобланган пахтачилик соҳасида 842 та фермер хўжаликлари билан вилоятдаги мавжуд пахта-тўқимачилик кластер корхоналари ўртасида тузилган фьючерс шартномалари асосида 31 минг 655 гектар майдонга чигит экилиб, белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилганлиги натижасида 115 минг 8 тонна пахта хомашёси териб олинди. Яъни шартномавий режа 100,01 фоизга уддаланди.

Ушбу кўрсаткич туманлар кесимида таҳлил қилинганда Кармана тумани 18 минг 854 тонна (98,93 фоиз), Навбаҳор тумани 26 минг 694 тонна (100,54 фоиз), Конимех тумани 1 минг 713 тонна (101,84 фоиз), Қизилтепа тумани 29 минг 672 тонна (100,12 фоиз) ва Хатирчи тумани 38 минг 75 тонна (100,01 фоиз)ни ташкил қилади.
– Бу йил юқори ҳосилдорликка эришишда айниқса «Бахт текстиль», «Навбаҳор текстиль» каби кластерларнинг фермерларга ўз вақтида кўрсатган ёрдами қўл келди, – дейди вилоят ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги котибияти мудири Жаҳонгир Болиев. – Қўлга киритилган ютуқлар шуни англатадики, бугун навоийликлар ўзларининг ҳар соҳада ҳамжиҳат, ҳаммаслак, қолаверса, халқимиз дастурхонининг тўкинлиги йўлида фидойи эканликларини яна бир кўрсатди.

Пахтачиликда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни кенг йўлга қуйиш эвазига ҳосилдорлик ўтган 2021 йилдагига нисбатан 4 минг 10 тоннага, 2016 йилга нисбатан эса 8 минг 760 тоннага ошишига эришилди.
2022 йилда 120 нафар фермер хўжалигига тегишли 1 минг 551 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилиб, бугунги кунда жами томчилатиб суғориладиган пахта майдони 10 минг гектарга етказилди.
Навоий вилояти ҳокимлиги
ахборот хизмати
ЎзА