Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийлик “Нодираи давронлар”
21:41 / 2023-11-27

Навоий вилоят Маънавият ва маърифат марказида “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши томонидан “Нодираи давронлар” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Кўрик-танловда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Қизларжон” ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги қошидаги “Қизлар овози” клубларига аъзо 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган сиёсатга қизиқувчи, етакчилик қобилиятига эга, жамиятда ижтимоий фаол хотин-қизлар ўзаро баҳслашди.  

Тадбир аввалида сўзга чиққанлар ушбу танловда иштирок этаётган қизлар Тўмарис, Нодирабегим, Увайсий ва Зулфияхоним каби аждодларимиз издошлари эканликларини таъкидлаб, уларга омад тилашди.

– Танловни ўтказишдан асосий мақсад хотин-қизларда миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини шакллантириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришдан иборатдир, – дейди партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Феруза Бақоева. – Шунингдек, танловда иштирокчиларнинг сиёсий етакчилик қобилиятини юзага чиқариш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фаол иштирокини таъминлаш, қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб этиш, партия ғояси, дастурий мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватловчи ҳамда тарғиб этувчи сиёсий етакчиларнинг янги авлодини тарбиялаш ҳам назарда тутилган.

[gallery-14792]

Танлов жараёнида иштирокчилар икки шарт асосида ўзаро баҳсга киришди. Улар “Бехато ёзамиз” деб номланган шартда давлат тилидаги саводхонлик даражасини аниқлаш мақсадида диктант ёзишган бўлса, “Қадриятларга таянган тараққиёт” мавзусида миллий қадриятларни асраш, тарғиб қилиш ва янада бойитишга қаратилган лойиҳаларининг тақдимотини ўтказишди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Ирода Баҳронова, 2-ўринни Севинч Исломова, 3-ўринни Нозанин Ҳамидова эгаллади.  

Ғолиб ва совриндорлар партия вилоят Кенгашининг “Диплом” ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари