Навоийлик ғаллакорлар мўл ҳосил етиштириб, зиммаларидаги улкан вазифани адо этди. Жорий йил ҳосили учун 946 фермер хўжаликлари томонидан 38 минг 39 гектар майдонда бошоқли дон экинлари етиштирилиб, 268 минг тоннадан ортиқ дон олиш режалаштирилган эди.
Фермерлар томонидан кузги бошоқли дон экинларининг ўз вақтида экилиши, барча агротехника тадбирларининг ўз вақтида олиб борилиши натижасида мўл ҳосил олинди.


– Ғалла парвариши бўйича апрель ойида “Зарбдор 30 кунлик” эълон қилиниб, амалга ошириладиган муҳим агротехник тадбирлар белгилаб олинди, – дейди вилоят ҳокимлиги “Ғалла –2023” ўрим-йиғим штаби раҳбари Суннат Худойназаров. – Жумладан, ғаллани азотли минерал ўғитлар билан қўшимча озиқлантириш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов беришга алоҳида эътибор қаратилди. Бир сўз билан айтганда бугунги кунда вилоят бўйича ғалла майдонларида мўлжалдаги ғалла ҳосили етиштирилиб, ҳосил ўз вақтида нес-нобут қилинмасдан йиғиштириб олинди.


Вилоятда мавсум учун 97 ўрим-йиғим отряди ташкил этилиб, уларга 97 ғалла ўриш комбайни, 680 дан ортиқ дон ташиш автотранспорт воситалари, трактор тиркамалари, 16 кўчма устахоналар, 46 ёқилғи ташиш транспорт воситалари бириктирилди. Бундан ташқари, ғалла ўрим-йиғими мавсумида комбайнларнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлаш мақсадида эҳтиёт қисмлар захираси яратилди. Бугунги кунда мавжуд ғалла ўрим комбайнларининг тўхтовсиз ишлаши, ишни смена усулида ташкил қилиш эвазига 38 минг 39 гектар майдондан 270 минг тонна ғалла ўриб олинди. Ҳосилдорлик эса ҳар бир гектар ғалла майдонига ўртача 71 центнердан тўғри келди.
А.Бўриев, ЎзА