Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят спорт бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида 2025 йилнинг биринчи чораги давомида жисмоний тарбия ҳамда спорт соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Бугунги кунда вилоятда 18 та спорт таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Уларнинг 13 таси умумий спорт мактаби, 4 таси ихтисослаштирилган спорт мактаби ва 1 таси олимпия ҳамда паралимпия спорт турларига ихтисослаштирилган тайёрлов марказидир. Бу муассасаларда 781 нафар малакали мураббий 45 турдаги спорт машғулотларини олиб боради. Айни пайтда 23,5 минг нафар ёш мунтазам равишда спорт билан шуғулланмоқда.
– Аҳолини жисмоний фаолликка жалб этиш мақсадида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” юриш марафони, “Эрталабки бадантарбия машқлари” каби тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда, – дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зокир Абдиев. – 2025 йилнинг биринчи чорагида вилоят бўйлаб 1 096 та оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, 200 минг нафар аҳоли иштирок этди. Ёшлар ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб этиш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 168,9 минг нафар ёш онлайн платформа орқали рўйхатдан ўтди. Уларнинг 46,7 фоизи спорт тадбирларида иштирок этиш истагини билдирган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят спортчилари томонидан республика ва халқаро миқёсда жами 315 та медаль қўлга киритилган бўлса, уларнинг 294 таси Ўзбекистон чемпионат ва кубокларида, 21 таси эса Осиё, Жаҳон ва халқаро мусобақаларда қўлга киритилган. Натижада 516 нафар спортчи Ўзбекистон Миллий терма жамоаси таркибига қабул қилинди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, вилоятда спорт инфратузилмасини яхшилаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда 7 та туман ва шаҳарларда 10 та янги спорт майдончаси қурилиши режалаштирилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида эса Кармана, Хатирчи ва Нурота туманларидаги спорт объектларини таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш учун 3,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Шунингдек, Қизилтепа туманида дзюдо спорт турига мослаштирилган спорт зали қурилиши учун 3,1 миллиард сўм ажратилган бўлса, Зарафшон шаҳрида хусусий сектор ташаббуси билан “NEW FITNESS” спорт клуби ташкил этилди.
[gallery-23391]
Ёшлар ўртасида ижтимоий фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида вилоятда “Ёшлар ва спорт фестивали” ўтказилиб, 100 минг нафардан ортиқ ёш қамраб олинди. Фестиваль доирасида 26 та Олимпия спорт федерациялари жойларга чиқиб, турли мусобақалар ва маҳорат дарсларини ўтказди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов, (сурат), ЎзА мухбири