Бугун юртимиздаги барча таълим муассасаларида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Жорий йилда Навоий вилоятидаги 365 та мактабнинг 1-синфига 21 минг нафардан зиёд бола қабул қилинди. Вилоят ҳокими Нормат Турсунов Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этиб, мустақиллигимиз берган имкониятлар, юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, ўқитувчи ва ёшлар учун яратиб берилаётган қулайликлар ҳақида тўхталиб, ўқувчиларга яратилган шароитлардан самарали фойдаланилиб, чуқур билим олишга, юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб вояга етишишларига тилак билдирди.
Ушбу мактаб тадбиркор Абдукарим Саксонов томонидан 23 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобидан бунёд этилган бўлиб, 990 ўринли янги мактаб жорий ўқув йилида фойдаланишга топширилди.
[gallery-13429]
Тадбиркорнинг фидойи меҳнатлари, ёш авлод таълим-тарбиясига кўрсатган беқиёс хизматлари Президентимиз томонидан ҳам алоҳида эътироф этилиб, давлатимизнинг юксак мукофоти “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, 2023-2024 ўқув йили учун вилоятдаги 38 та умумтаълим мактабларида 118,6 миллиард сўмлик қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
– Вилоятда ҳар бир мактабдаги ўқувчилар билан индивидуал ишлаш амалиёти, яъни “Абитуриент штаби” ташкил этилганлиги натижасида битирувчиларимизнинг олий таълим муассасасига кириш кўрсаткичлари охирги уч йилда 36 фоиздан 46,1 фоизгача ўсди, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова. – Шунингдек, халқаро ва миллий сертификатга эга хорижий тил ўқитувчилари сони 2021 йилда 46 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилга келиб 80 фоизга етди. Мактабларимиз сўнгги уч йилда қарийб 3 минг дона замонавий компьютер жамланмалари билан таъминланди.
Бугун таълим соҳасига кўрсатилаётган эътибор ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга яратилаётган имкониятлар боис ўқувчилар ҳам қатор ютуқларни қўлга киритмоқда. Жумладан, Навоий шаҳридаги 8-мактаб ўқувчиси Фозилбек Сафаров бир вақтнинг ўзида АҚШ, Европа, Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг 12 та олийгоҳи талабалигига қабул қилиниб, 382 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант соҳиби бўлди.
Навоий шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб битирувчиси Суҳроб Халилов эса Хитой давлатида ўтказилган “Хитой халқаро математика оромгоҳи олимпиадаси”да бронза медалини қўлга киритди.
Шунингдек, Навоий шаҳридаги 7-мактабнинг 4-синф ўқувчиси Жасурали Шодиев яқинда инглиз тилидан халқаро IELTS сертификати бўйича 6 баллик натижага эришиб, мамлакатимиз тарихида энг ёш билимдон сифатида тан олинди ва Президентимизнинг махсус совғалари билан тақдирланди.
Вилоятдаги барча таълим муассасаларига қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” топширилди.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.