Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийга «тиш қайраган» мулозимлар ёхуд уни маломатлардан саломат чиқариш учун битилган буйруқ...
16:24 / 2023-01-30

Навоийни ўқиб, уни англаётган, асарларини, ундаги илмни, тарбияни, қадриятларни бизга айтишга интилаётган инсонларнинг фикрларини кўпроқ тинглаш ва ёшларга етказиш бизнинг асосий вазифамиз.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди Буробия Ражабова Навоий ижоди бўйича илмий тадқиқотлар қилаётган ёшларга устозлик қилиб келмоқда.

Суҳбат жараёнида Навоийнинг бизга қолдирган маънавий мероси нақадар улкан эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

– Қарийб 40 йилдан бери Навоий ижодига ошносиз. Навоийни ўқиб, кўпроқ нимани англадингиз?

– Энг аввало Навоийнинг буюклигини, инсонпарварлигини, у олға сурган эзгу, улуғвор ғояларни англадим. Ўзбек тилида самарали ижод қилиб, она тилимизни ўз даврида 30 дан ортиқ таъсирли асарларга муҳрлаб қўйганини англадим. Навоийни яхши англашим учун Темурийлар даври тарихини, унинг буюк замондошларини ўргандим. Чунки Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да 770 нафар шайх, ориф, мутафаккирлар, «Мажолис ун- нафоис»да эса 459 нафар адиб, шоир, муаррихларга таъриф берган.

Улар ижодини маълум маънода тушунишим учун ҳамда мумтоз адабиётимизга фалсафий сарчашма бўлган Қуръони карим, Ислом ва Каъба, пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам тарихини, яъни 4 та тарихни мустақил ўқиб ўргандим.

Темурий ҳукмдорларга Афв институтини эслатган Навоий ўз даврида замондошлари орасида Шамс ул-миллат, Макорим ул-ахлоқ, Равшанзамир амир, Адолатпеша амир деган рутбаларга сазовор бўлган. 

Навоий бизга асарларида касбда камолга эришиш, илмпарвар, кечиримли бўлиш, ихлос, тавба эшигини қандай топиш, ҳидоят йўлига кириш, ҳаттоки Бисмиллаҳир-Роҳманир роҳийм оятини қандай айтишни ҳам ўргатган. «Ҳайрат ул-аброр» асари 19 та араб графикасидан иборат бўлган Бисмиллаҳир-Роҳманир роҳийм ояти карима билан бошланиб, Навоий 19 та ҳарфга 19 та байт бағишлаган. Шу 19-байтни такрорлаб юришни яхши кўраман. 

Яъни:

Йўл ёмону яхшисидин ема ғам,

Бисмиллоҳ дегилу қўйғил қадам.

Ёки даҳонинг яна бир ҳикмати билан тавба ундайди:

Гар бир сўз дедим: Астағфируллоҳ.

– Навоий билан Ҳусайн Бойқарони бир-бирисиз тасаввур қилиш қийин. Шоир билан подшоҳни нима учун атрофидагилар яқинлаштирмасликка ҳаракат қилишган? Улар ўртасидаги муносабатлар ҳақиқатми?

– Темурийлар уйғониш даврининг фозил ва мулкдор инсонларидан бири, бу — буюк Навоий ҳисобланади. Хуросон давлати Темурийлар бошқарувида бўлиб, пойтахти Ҳирот, Мовароуннаҳрнинг пойтахти эса Самарқанд бўлган. Ҳирот маданий муҳитида Султон Ҳусайн Бойқаро, Навоий, Жомий каби буюк инсонлар яшаган. Уларнинг муносабатлари рисоладагидек бўлиб, давлат ишига, адолат масаласига, мамлакат тараққиётига, эл-улус манфаатига битта шахс бўлиб қарашган.

Бобур «Бобурнома» мемуарида Навоий ҳақида 16 та қимматли маълумот, хабар ёзиб қолдирган. Масалан, Навоий билан Султон Ҳусайн Бойқаро давлат ишлари билан боғлиқ бир сир ҳақида гаплашишади. Навоий давлат арбоби сифатида Султон Ҳусайн Бойқарога «бу гап иккаламизнинг ўртамизда қолсин, бошқа давлат мулозимлари бехабар бўлсин», дейди. Ҳусайн Бойқаро «қайси гап», дейди. «Навоий закий дўстининг жавобидан мутаассир бўлиб йиғлайди», дея ёзган Бобур. Жомий ва Навоийнинг буюклик даражасига эришишида ва муҳташам асарлар битиб қолдиришида Султон Ҳусайн Бойқаронинг эътибори, ҳомийлиги жуда катта роль ўйнаган.

– Тарихдан маълумки, Навоийнинг укаси Дарвиш Али давлат мулозими сифатида бироз хатоларга йўл қўйиб, Ҳусайн Бойқаронинг қаҳрига учрайди. Навоийга «тиш қайраган» душман ёки айрим мулозимлар фитнасидан уни асраш учун Ҳусайн Бойқаро бир буйруқ чиқарган экан. Буни қандай изоҳлайсиз, асослар борми?

– Ҳаёт бор экан, рақобат ҳам бор. Дўстлик гуллаган жойда тикан ҳам бўлиши табиий. «Маломатга шоҳ ҳам, гадо ҳам тушади», деб бежиз айтишмаган. Гап маломатга тушишда эмас, ўша маломатли вазиятдан саломат чиқиб кетишда. Ҳусайн Бойқаро Навоийни кўпгина маломатлардан саломат чиқиб кетишида катта ёрдам берган.

Ғаразли одамлар Дарвеш Алининг хатосидан фойдаланиб Навоийни ҳар томонлама синдиришга ҳаракат қилган. Бундай фитнадан хабар топган Ҳусайн Бойқаро бутун Хуросон давлати бўйлаб Навоийга ҳеч қандай дахл қилинмаслиги бўйича махсус буйруқ (нишон) чиқарган.

Дарвиш Али воқеаси ва бу нишон ҳақида матбуотларда хабар ва мақолалар эълон қилинсада, бироқ нишоннинг тўлиқ таржимаси илм аҳллари диққатига ҳавола қилинмай келинарди. 1982 йил унинг ўзбекча таржимаси эълон қилинди.

Султон буйруғидаги матннинг айрим қисмларида:

«Тахтимиз таянчи, зафарларга йўлдош фарзандлар, соф раъйли ва осмон савлатли амирлар, қалби қувноқ садрлар, олий қадрли вазирлар, давлат арконлари, олижаноб ҳазрат (Султон)нинг аёнлари ва шунингдек, улуғ саййидлар табақаси, иззатли уламолар ва машойихлар, барча аҳоли ва авом, турку, арабу ажам гуруҳлари – ҳамма билсин!...

...Ҳокимлар доруғалар, доруссалтана Ҳирот ва булуклар аҳолисининг тутишлари лозим бўлган йўл шуки, улар (амирнинг) юксаклиги ва қудратлилигини бизнинг давлат билан эгизак деб билиб, унинг бизга яқинлиги ва маҳрамлигини минг бор ортиқ тасаввур қилсинлар, у кишига ва қариндошларига нисбатан Султоннинг меҳрибонлиги ва шафқати кундан-кунга тараққийда, деб билсинлар, (амирнинг) муҳим ишларида кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашни бажо келтирсинлар, нуқсонга йўл қўйишдан ўзларини тийсинлар ва эҳтиёт бўлсинлар!

Олий фармонга мувофиқ – унинг жорийлиги кеча-кундузлар боқий экан, давом этсин.

Муборак Рамазон ойининг йигирма тўртинчисида 898 (9 июль, 1493) йили битилди».

Ушбу буйруқ ҳамма жойга тарқатилган. Ўзининг болаликдаги содиқ дўсти, адолатпарвар амир даҳо сўз санъаткори, сахий мулкдорини сақлаб қолиш учун бундай буйруқ чиқариши тарихда жуда камдан-кам учрайди.

– Ҳукмдорнинг ёнида турадиган вазирларда кўпроқ қандай фазилатлар бўлиши керак?

– Ҳамма даврларда ҳам ҳукмдорга ишончли одамлар жуда керак. Навоий қарийб 35 йил давлат мулозими бўлиб ишлайди. Навоий ўз асарларида яратган Осаф, Мулкаро сингари ижобий характердаги вазирларнинг бадиий образи тимсолида унинг ўзи билан танишамиз. У муҳрдор, вазир, бош вазир, амири кабир, яъни Ҳусайн Бойқаронинг давлат бошқарувида энг яқин одами бўлган. Халқни, эл-юртни мунтазам тинч, барқарор сақлаш ҳам жуда катта маҳорат талаб қилади.

Навоий ҳукмдорларни «Аллоҳнинг ердаги сояси», деб изоҳ битар экан, ердаги соя давлатни тинч, адолатли, барқарор бошқариши учун ишончли, ҳукмдор ва халқнинг тузини биладиган мулозимларнинг хизмати жуда катта эканини, улар мулк ишига кўнгил иши деб қарамасликларини айтиб ўтган.

Масалан, «Ҳолати Сайид Ҳасан Ардашер» асарида ҳукмдор учун “...Яхши мулозимлардин яхшироқ, зарурийроқ ҳеч нима бўлмас», деган жиддий хулосани олға сурган.

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА