Навоий вилоятининг Кармана тумани “Узумзор” қўрғонига Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан Президент совғаси сифатида 200 гектардан зиёд майдонга экиш учун Ризамат ота, Мерседес, Кетмонсопи, Ҳусайни каби 6 хил навдаги 160 минг туп узум кўчатлари олиб келинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоят ҳокими Кармана туманидаги “Малик” маҳалласи “Узумзор” қўрғонида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳақида ҳисоботидан сўнг давлатимиз раҳбари Фарғона вилояти ҳокимига энг сара узум кўчатларини Кармана туманига етказиш юзасидан топшириқ берган эди.
Карманада фарғоналик меҳмонлар тантанали кутиб олинди. “Янги Ўзбекистонда янги узумзор” лойиҳаси доирасида яратилаётган узумзорга кўчат экиш ишлари олдидан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов сўзга чиқиб, бугунги кунда “Инсон қадри учун” шиори остида амалга оширилиб келинаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди ва фарғоналик масъулларга ўз миннатдорлигини билдирди.
– Ота-боболаримиз азалдан бу ерларда узумчилик билан шуғулланиб келган, – дейди “Малик” МФЙ фаоли Мурод Эргашев. – Бу ерлар бир пайтлар бузилиб пахта экилган. Бизнинг ерларда ток кўчатлари юқори ҳосил беради. Албатта, 3-5 йил ичида қўрғонимизда етиштирилган узум ва майиз хорижга экспорт қилина бошлайди.
Маҳаллий ҳокимлик вакиллари ва фарғоналик меҳмонлар яхши ниятлар билан узум кўчатларини экиш ишларини бошлаб берди.
Абдували Бўриев, ЎзА