Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийга эҳтиром
18:12 / 2026-02-09

Юртимизда буюк мутафаккир, давлат арбоби ва мумтоз адабиётимизнинг забардаст намояндаси Ҳазрат Мир Алишер Навоий меросини улуғлаш, унинг бебаҳо маънавий хазинасини кенг тарғиб этишга қаратилган эзгу ишлар изчил давом этмоқда. Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида ҳам ташкил этилди.

Ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан туман марказидаги Маданият ва истироҳат боғида буюк бобокалонимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътибор рамзи сифатида Алишер Навоий сиймоси акс этган ҳайкал барпо этилди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ҳамда ёшлар иштирок этган тадбирда Алишер Навоийнинг ўзбек адабиёти ва миллий тафаккур тараққиётидаги беқиёс ўрни, унинг асарларида мужассам бўлган юксак инсоний ғоялар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, ёшлар буюк аждодимиз асарларини чуқур ўрганиш, улардан ҳаётда самарали фойдаланишлари лозимлиги таъкидланди. 

Тадбир давомида ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйилиб, буюк мутафаккир хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди. Шу билан бирга, мушоира кечалари, бадиий чиқишлар ва маданий дастурлар ташкил этилиб, Алишер Навоий ижодига бағишланган ғазаллар ва шеърлар ижро этилди. 

Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда. 

А.Бўриев, ЎзА