Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийга эҳтиром: маърифат ва маънавият байрами
20:59 / 2026-02-09

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан “Навоийга эҳтиром” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир “Билимдонлар маскани” ҳудудида жойлашган Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Унда вилоят ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзолари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, миллий маданий марказлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Маросимда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг улуғ мутафаккир Алишер Навоий таваллуди муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Табрикда таъкидланганидек, Алишер Навоий нафақат буюк шоир, таржимон ва тилшунос олим, балки давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам тарихда ўчмас из қолдирган. У бутун умри давомида 80 та масжид, 52 та работ, 16 та кўприк, 4 та мадраса ва 1 та кутубхона қурилишига ҳомийлик қилган. Навоийнинг бой маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўнлаб хорижий тилларга таржима қилиниб, жаҳон жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

[gallery-27561]

Навоий ижодининг сўнмас қудрати унинг теран фалсафаси, бой ва ранг-баранг поэтик образлари, инсон улуғворлиги ҳамда маънавий камолот ҳақидаги ғояларида намоён бўлади. Унинг асарлари бугунги кунда ҳам миллий давлатчилигимиз ва маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.

Улуғ шоир бутун ижоди давомида ёшлик куч-қудратини, инсон қалбининг пок ва самимий туйғуларини улуғлаган. Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида у шундай ёзади:

 

Нафъинг агар халққа бешакдурур,  

Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур.

 

Навоийнинг кўплаб рубоий ва достонлари инсон қадрини улуғлаш, халққа ҳаёт бахш этиш, жамиятда адолат ва бахтга эришиш йўлларини кўрсатишга қаратилган. Айниқса,

 

Одамий эрсанг демагил одами,  

Оники, йўқ халқ ғамидин ғами.

 

деган машҳур байт улуғ шоир ҳаёти ва фаолиятидаги асосий ҳаётий принциплардан бири бўлганини яққол ифода этади.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Алишер Навоийнинг шеърий ва насрий меросини чуқур ўрганиш, уни ёш авлод қалбига сингдириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Улуғ мутафаккир ижоди инсонпарварлик, адолат, маърифат ва ватанпарварлик ғояларини тарғиб этиб, миллий она тилимиз сўз бойлиги ва ифода имкониятларини янада бойитишда беқиёс аҳамиятга эга.

Тадбирнинг иккинчи қисми вилоят мусиқали драма театрида “Алишер Навоий — буюк давлат арбоби ва маънавият гултожи!” номли байрам дастури шаклида давом этди. Дастур доирасида театрлаштирилган саҳна кўринишлари, мақом ансамбли ижросида мусиқий чиқишлар ҳамда шеърий баҳслар намойиш этилди.

– Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам Алишер Навоий таваллуди муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ёшларимизни миллий-маънавий ва тарихий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ватанпарварлик, миллий ғояга садоқат ва аждодларимиз меросидан фахрланиш туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сирдарё вилояти ҳокимлиги давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов.

Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан мушоиралар, адабий ва мусиқий кечалар, турли байрам дастурлари вилоятдаги барча таълим муассасалари ҳамда маданий жамоаларда изчил давом этмоқда.

Ғулом Примов, Анвар Тўйчиев (сурат), ЎзА