Юртимизда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда «Навоийдан 100 садаф» мобиль иловаси ишлаб чиқилди.
Илова Нурилло Тўхтасинов, Уфора Ҳабибуллаева ва Сардорбек Талъатовлар томонидан яратилди.
Қайд этилишича, мобиль иловада Ҳазрат Навоийнинг 80 та сара ғазали ва 20 та рубоийси ҳам матн, ҳам аудио шаклда ўрин олган. Ғазал ва рубоийлар мумтоз адабиётимизнинг мураккаб ҳисобланган жанри – аруз вазнида битилгани инобатга олинса, уларнинг аудио шаклда ҳам жойланганли, фойдаланувчига ғазал ва рубоийларни тўғри ўқиш кўникмасини ўрганишига хизмат қилади.
Шунингдек, иловада қўшимча равишда ғазаллар бандлари иштирокида интерактив ўйин ҳам берилган. Бу фойдаланувчи учун қизиқарли бўлиш билан бирга, ғазалларни қай даражада ёдлаб олганини билиб олиш имконини беради.
Ҳозирги кунда, илова таркибига Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ қизиқарли тест бўлимини қўшиш ишлари якунланган.
Шу билан бирга, мобиль илова интерактивлигини ошириш учун Навоийнинг «Лисон-ут тайр» асари асосида ўзига хос пазлли ўйин қўшиш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, илова тез кунда «App Story» ва «Play Market» платформаларига жойлаштирилади ва барча учун бепул юклаб олиш имконияти бўлади.
Дастур муаллифларининг айтишича, «Навоийдан 100 садаф» иловаси ёшларимизни Навоий ҳаёти ва ижодига доир саводхонлигини оширишда иннавацион ечимлардан бири бўлиши аниқ.