Навоий вилояти Транспорт бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида 2021 йилда аҳолига намунали траспорт хизмати кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар якунига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда таъкидланганидек, вилоятда 91 та йўловчи ташиш йўналишлари мавжуд бўлиб, 7 таси янгидан очилган. Якунланган йилда “Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро – вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси” томонидан 3 марта очиқ тендер ўтказилиб, 25 та йўналиш жойлаштирилган ва шартномалар имзоланган бўлса, 6 та автобус йўналишлари қайта тикланган.
– Президентимиз томонидан 2020 йил 30 ноябрь куни Тошкент шаҳри ва ҳудудларда жамоат транспортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг баёни ижросини таъминлаш мақсадида тузилган Ишчи гуруҳ томонидан транспорт хизмати етиб бормаган ҳудудлар ўрганилган эди, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Бектош Раҳимов. – Натижада транспорт қатнови етиб бормаган 69 та маҳалла қамраб олинди. 12 та йўловчи ташиш йўналишлари ташкил этилиб, 6 та автобус ва 72 та Дамас русумли автомашина йўналишларга жойлаштирилди. Қолаверса, 2021 йилда 50 та автобекат қурилиб, улар сони 500 тага етказилди.
Бугунги кунда вилоятда 349 нафар лицензия эгаси томонидан 7539 та лицензия асосида 7521 та автотранспорт воситаси билан хизмат кўрсатилмоқда. Аммо вилоятда ноқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳам мавжуд. Якунланган йилда ўтказилган 597 та қўшма рейд давомида 1814 та лицензиясиз йўловчи ташиш ҳолатлари аниқланган. Уларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва судлар томонидан 752 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Ўтказилган рейдлар давомида ноқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчиларнинг 751 тасининг фаолияти қонунийлаштирилган.
– Муҳандислик тадқиқот ишлари 2 қисмдан иборат бўлиб, 6 босқичда бажарилиши режалаштирилган, – дейди Б.Раҳимов. – Ҳозирда 1- ва 2- босқичлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 1-босқичда Навоий шаҳридаги транспорт тизимининг жорий ҳолати ижтимоий ва демографик маълумотлари жойига чиққан ҳолда шакллантирилган. 2-босқичда эса жамоат транспорти ҳаракатини аниқлаш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш мақсадида аҳоли ўртасида ижтимоий сўров ўтказиш, йўллардаги транспорт оқими, жамоат транспорти ва бекатларда йўловчи оқимини ўлчаш ишлари олиб борилди. Ҳудудларда ўлчов ишлари ва сўровномаларда замонавий видеокузатув мосламалари, навигация дастурлари, интернет ҳамда ижтимоий иловалардан фойдаланилди.
Матбуот анжумани сўнгида ОАВ вакиллари билан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида рейд тадбирлари ташкил этишга келишиб олинди.
[gallery-5545]
Абдували Бўриев. Сирож Аслонов (сурат), ЎзА