Қарор ва ижро
Мамлакатимизда “яшил энергетика”ни ривожлантириш, хусусан, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу ишларни янада самарали ташкил этишда муҳим ҳужжат бўлиб ҳисобланади.
Айни шу талаблардан келиб чиқиб, ушбу йўналишда ўтган 3 йил ичида 10 та битим имзоланди. Бу ҳаракатларнинг “биринчи қалдирғочи” сифатида ўтган йили Навоий вилоятининг Кармана туманида мамлакатимиздаги илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.
Энергетика вазирлигининг Қайта тикланувчи энергия манбалари бошқармаси бошлиғи Абдуллажон ОТАБОЕВ Навоий вилоятидаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши, аҳамияти ва фаолияти хусусида ЎзА мухбирига интервью берди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан энергетика соҳаси ривожига, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенг жорий этишга катта аҳамият қаратилмоқда, – деди А.Отабоев. – Тўғри, бугунги кунгача газ, нефть каби углеводородлар энергиясидан фойдаланиш кенг тарқалган. Лекин уларнинг захиралари чекланган. Шу боис мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари ривожлантирилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, республикада 10 дан ортиқ қайта тикланувчи электр энергия манбалари лойиҳалари амалга оширилмоқда. Улардан бири – Навоий вилоятининг Кармана туманидаги илк қуёш фотоэлектр станциясидир.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида ушбу илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Президентимиз иштирок этиб, улар томонидан биринчи қуёш фотоэлектр станцияга старт берилган эди.
[gallery-7782]
Станциянинг қувватига тўхталадиган бўлсам, у тўлиқ қувват билан электр энергия ишлаб чиқариб, ҳозирги вақтда 100 мегаватт манбани ягона электр тармоғига узатмоқда. Станция бир йилда 260 миллион киловатт-соат электр энергия ишлаб чиқаради.
Агар шунча ҳажмдаги электр энергияни иссиқлик электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилганда, бу жараёнда 75 миллион метр куб газ истеъмол қилинган бўлар эди. Айтиш мумкинки, мазкур қуёш фотоэлектр станциямиз фаолияти сабабли 75 миллион метр куб газ тежалмоқда. “Яшил” энергетика манбаси сифатида ушбу станция фаолияти атроф-муҳит ва атмосфера учун ҳам безарардир.
“Nur Navoiy solar” номли мазкур лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан амалга оширилди. “Masdar” компанияси билан биргина бу лойиҳа эмас, балки шу кунларда компания томонидан мамлакатимизнинг Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида ҳам станциялар қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу станциянинг аҳамияти шундаки, аҳоли ва саноатнинг ўсиб бораётган эҳтиёжини барқарор энергия билан таъминлайди. Нархи ҳам арзон – 1 киловатт соат учун 2,67 АҚШ центини ташкил этади.
Қуввати 100 мегаваттли мазкур мажмуа қурилиши 2020 йили бошланган эди. 110 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилди. Ускуналар Хитой Халқ Республикасидан келтирилган бўлиб, улар халқаро стардартларга тўлиқ жавоб беради. Унда ўрнатилган панеллар икки томонлама энергия бериш имкониятига эга. Ҳар бирининг қуввати 450-455 ваттли. Станция фаолияти 25 йилга мўлжалланган. Станциянинг умумий майдони 268 гектарни ташкил қилади.
Шунингдек, станция қурилишида “Ўзэлектроаппарат” корхонасидан электротехника жиҳозлари, “Ўзбеккабель”, “Эйч-Пи-Си системс” корхоналаридан кабеллар, Бектемир металл конструкциялари заводидан таянч устунларидан фойдаланилган.
Албатта, Навоий вилояти Кармана туманидаги “биринчи қалдирғоч” қуёш фотоэлектр станцияси билан танишиш ҳар бир фуқаро учун қизиқарли. Чунки бу мамлакатимиз тарихида катта янгилик ҳисобланади. Шу мақсадда, жорий йилнинг 25-26 июнь кунлари Энергетика вазирлиги маҳаллий ва хорижлик оммавий ахборот вакиллари учун пресс-тур ташкил қилди. Иштирокчилар қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш ва фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўз навбатида, амалга оширилаётган бу каби йирик лойиҳалар туфайли юртимизда электр энергияга бўлган талабни қондириш баробарида соҳада янги ишлаб чиқариш йўналишлари, замонавий технологиялар ва янги иш ўринларининг пайдо бўлишига пухта замин яратмоқда.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.