French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда “Ёш архивчилар форуми” ўтказилди
11:13 / 2022-06-10

Навоий шаҳрида “Ёш архивчилар форуми” бўлиб ўтди. Дастлаб форум иштирокчилари вилоят марказидаги Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғида қад ростлаган шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, улуғ мутафаккирга эҳтиром кўрсатди.

Маънавият ва маърифат марказида “Архив ҳужжатларининг давлат ҳисобини юритиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

“Ўзархив” агентлиги бош директори Улуғбек Юсупов давлат архиви соҳасидаги ислоҳотлар, тизим фаолиятини янада такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Семинарда иштирокчилар “Архив ҳужжатлари ҳисобини юритишнинг норматив-ҳуқуқий асосалари”, “Кинофотофоно ҳужжатлари билан ишлаш ва давлат ҳисобини юритиш”, “Архив ҳужжатларининг келиб тушиши ва чиқишини ҳисобга олиш”, “Нурота тумани давлат архивида архив ҳужжатларининг давлат ҳисобини юритиш амалиёти” каби мавзуларда фикр алмашди.

Бугунги кунда “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларда 467 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар фаолият олиб бормоқда. Ташкилот томонидан ёшларнинг фаолият олиб бориши ва билим кўникмаларини янада мустаҳкамлашлари учун барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

– 2021-2022 ўқув йили учун “Ўзархив” агентлиги тавсияномасига асосан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети махсус сиртқи таълим шакли бўйича 50 нафар архив ходими талабаликка тавсия этилди ҳамда улар синов имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилинди, – дейди Агентлик директори Улуғбек Юсупов. – Шунингдек, архивчи ёшларнинг хорижий давлатларда малака ошириш ва тажриба алмашишларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ҳар йили ёшлар Жанубий Корея, Россия ва Қозоғистон давлатларига юборилади.

[gallery-7523]

Форум доирасида ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқариши ва зиёрат туризмни ривожлантириш мақсадида вилоятдаги тарихий обидаларга саёҳат уюштирилди.

Ёш архивчилар “Агентлик спорт ўйинлари” мусобақалари, “Янги Ўзбекистон архивлари” танловида, шунингдек, “Ёшларни ўйлантираётган масалалар” мавзусидаги семинарда иштирок этди.

– Икки кунлик форумда иштирок этиш менга завқ бағишлади, – дейди Андижон вилоятининг Пахтаобот тумани шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архиви ходими Дилором Ғаниева. – Турли ҳудудларидан келган ҳамкасбларимиз билан танишдик. Ўзаро тажриба алмашиб, тизимдаги янгилик ва ўзгаришлар тўғрисида фикрлашдик. Янги лойиҳалар тақдимотида иштирок этиб, билимларимизни янада мустаҳкамладик. Ўрганган билим ва тажрибаларни ўз фаолиятимда қўллаган ҳолда ҳамкасбларим билан ўртоқлашаман.

Форум доирасида Навоий вилояти Давлат архиви биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, “Зукколар” интеллектуал ўйинлари финал босқичи ўтказилиб, унда Ўзбекистон миллий архиви ҳамда Наманган вилояти жамоалари куч синашди.

Ўтказилган танловлар ғолиблари, фаол иштирокчилар тақдирланди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА