Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Давлат ёнғин назорати органлари томонидан халқ хўжалиги масканлари ва аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, содир бўлган ёнғинларни бартараф этиш, оммавий тадбирлар жараёнида фуқароларнинг ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлат ёнғин назорати органлари ходимлари томонидан вилоятда рўйхатга олинган 1 минг 291 та давлат тасарруфидаги объектнинг барчасида, 13 та тадбиркорлик субъектида тўлиқ, 664 та давлат тасарруфидаги объектда қайта ва 4035 маротаба тезкор текширишлар ўтказилди.
– Текширишлар натижалари бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган, ёхуд Давлат ёнғин назорати органлари ходимларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаган 448 нафар раҳбар, жавобгар шахс ва фуқароларга нисбатан қарийб 56 миллион сўм миқдорида маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди, – дейди бошқарма Маъмурий ва терговга қадар текширувни юритиш бўлими бошлиғи, капитан Муҳсинжон Эргашев. – Ёнғин чиқиш хавфи остида фойдаланилаётган 198 та бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди, 2 минг 348 та носоз электр ускуна, мослама ва агрегатларидан фойдаланиш тақиқланди. Шунингдек, вилоятда ёнғин хавфсизлигини таъминлашда мавжуд муаммо, камчиликлар юзасидан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларига 128 та, юқори ташкилотларга 182 та ахборотнома, маълумотнома ва тақдимнома киритилди.
Албатта, содир этилаётган ёнғинларнинг олдини олишда энг мақбул ва самарали усулларидан бири аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини мунтазам олиб боришдир. Шу мақсадда аҳоли яшаш жойларида 381 минг 450 маротаба ёнғинга қарши техник ҳолат текширувдан ўтказилди.
– Бундан ташқари маҳаллаларда 49 минг 488 нафар фуқаро билан, корхона-ташкилотларда эса 62 минг 566 нафар ишчи-хизматчи билан учрашувлар ўтказилди, – дейди М.Эргашев. – Аммо амалга оширилган ишлар ҳамда профилактик тадбирларга қарамасдан 2021 йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоятда содир бўлган ёнғинлар сони 149 тани ташкил этган. Уларда 4 нафар инсон тан жароҳати олган, 5 нафари эса вафот этган. Содир бўлган ёнғинлар оқибатида қарийб 964 миллион сўм моддий зарар етган.
Таҳлилларга қараганда, қасддан ўт қўйиш натижасида 12 та, технологик процесс бузилиши натижасида 1 та, электр ускуналарининг носозлиги оқибатида 59 та, иситиш печларидан 19 та, оловдан эҳтиётсизлик оқибатида 23 та, болалар шўхлиги натижасида 6 та, транспорт воситаларидан фойдаланиш ва тузилиш қоидаларининг бузилишидан 10 та, бошқа сабаблар оқибатида эса 19 та ҳолатда ёнғин келиб чиққан.
Содир бўлган 149 та ёнғин бўйича терговга қадар текширув ўтказилиб, шундан 147 таси бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилиб, 2 таси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудида янги қурилаётган, реконструкция қилинаётган, капитал ва жорий таъмирланаётган, қайта жиҳозланаётган объектларда ёнғинга қарши чора-тадбирларнинг тўлиқ бажарилишига эришиш, объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича Ишчи ва Давлат комиссиялари далолатномаларига, лойиҳа ҳужжатларига киритилган ва Республикада амалда бўлган меъёрий ҳужжатларда белгиланган ёнғинга қарши чора-тадбирлар тўлиқ бажарилишига эришиш мақсадида тегишли чора тадбирлар амалга оширилмоқда.
– 2021 йилнинг ўтган 6 ойи даврида янгидан қурилиши режалаштирилган объектлар учун ажратиладиган жами 1484 та таклиф ер участкалари ўрганиб чиқилди, – дейди М.Эргашев. – Қурилиш объектларида ёнғинга қарши чора-тадбирлар бажарилишига эришиш ва йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан ҳокимликларга 6 маротаба, бошқа ҳудудий ва қурилишларни назорат қилиш идораларига 7 маротаба ахборот хатлари ва ёзма таклифлар киритилди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан республикамизда амалда бўлган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб бермайдиган, ҳеч бир ҳужжатсиз ва рухсат берилмаган ҳолатларда ноқонуний тарзда қурилган қурилишлар оқибатида юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳодисалар бўйича ҳам фуқаролар билан учрашув, суҳбатлар ўтказилмоқда. Мақсад, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширган ҳолда уларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлашдир.
Абдували Бўриев, ЎзА