Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда "Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари" спорт мусобақаларининг минтақавий босқичи ўтказилди
18:44 / 2025-06-03

Бугун фарзанди ҳар томонлама соғлом бўлишини истаган ота-оналар ўғли ёки қизини қайсидир спорт тури билан машғул қилган. Ўғил болалар кўпроқ жисмоний куч, ҳаракат ишлатиладиган спорт турига берилса, қизлар нозик ҳаракатли машғулотлар билан банд қилинган. Бунда айниқса ёш қизчаларга спортнинг бадиий гимнастика тури билан шуғулланиш жуда қўл келади. Чунки бадиий гимнастика спорт турлари орасида энг мафтункоридир.

Бадиий гимнастика гўзал қад-қомат, нафис ҳаракатларга эга бўлиш билан бир қаторда, қизларда соғлом ахлоқ ва кенг дунёқарашни шакллантиришда ҳам беқиёс аҳамият касб этади. Шу боис бугун спортнинг ушбу нафис ва жозибали тури билан қизлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто, энг чекка қишлоқларда ҳам шуғулланмоқда.

Спортнинг бадиий гимнастика турини қизлар ўртасида оммалаштириш борасида Навоий вилоятида ҳам хайрли тадбирлар ташкил этилмоқда. 
Навоий шаҳар Гимнастика турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича "Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари" спорт мусобақаларининг минтақавий босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу беллашувда Навоий шаҳар, Қизилтепа, Кармана ҳамда Хатирчи туманидан ташриф буюрган иқтидорли спортчилар ўзаро куч синашди.

Мусобақалар якунида спорт мусобақалари доирасида минтақавий босқич ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланди.

Н. Раҳмонова, ЎзА