Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда учинчи бор халқаро илмий-техникавий конференция бўлиб ўтди
20:42 / 2022-10-28

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусидаги III халқаро илмий-техникавий конференция бўлиб ўтди.

Конференциянинг очилишида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бош директори Қ.Санақулов “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусида маъруза қилди.

Мазкур анъанавий конференция 2017 ва 2019 йилларда ташкил этилган бўлиб, Германия, Буюк Британия, Япония, Хитой, Россия, Австрия, Франция, Корея Республикаси, Беларус, Қозоғистон каби мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, олий таълим муассасаларининг таниқли олимлари, компаниялари вакиллари иштирок этган эди. Жорий йилдаги конференцияда ҳам республикамиз ва 15 га яқин хорижий мамлакатлардан келган олимлар, ёш тадқиқотчилар қатнашди.

– Юртимизда фан ва ишлаб-чиқариш узвийлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқдаки, бугунги ўтказилаётган конференция ҳам фикримиз тасдиғидир, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректори Бахтиёр Мардонов. – Қизилқум минтақаси, айнан Зарафшон воҳаси ерости захирасига бой бўлиб, Менделеев даврий жадвалидаги кимёвий элементларнинг аксарияти шу заминда учрайди. Шу боис воҳада саноатни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмаларни кенг қўллаш, минтақа муаммоларини ҳал этишда фан, ишлаб чиқариш ва таълим интеграциясини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Конференцияда Зарафшон воҳасида илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш, хорижий давлатлар олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, хориж ва Ўзбекистон олимларининг фундаментал ва амалий тадқиқотлар, янги инновацион ишланмалар борасидаги ютуқлари, фан ва техниканинг долзарб муаммолари муҳокама қилиниб, устувор йўналишлар, вазифалар белгилаб олинмоқда.

[gallery-9332]

Икки кун давом этган анжуманда иштирокчилар шўъбаларга бўлинган ҳолда геология, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, кимёвий технологиялар, машинасозлик, энергетика, муқобил энергия манбалари ва истиқболлари, қишлоқ хўжалиги, экология каби тармоқ ва соҳалар фаолиятига бағишланган илмий маърузалар тингланиб, муҳокама этилди.

– Навоий кон-металлургия комбинати тизимида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент давлат техника университети профессори Н.Юсупбеков. – Бу борада техноген чиқиндилардан қимматбаҳо металларнинг ажратиб олинаётгани, ишлаб чиқаришда ишлатилган сув ресурсларидан қайта фойдаланиш йўлга қўйилган. Бу каби янгиликлар, аввало кадрлар салоҳияти ўсиб бораётганини кўрсатади. Мазкур конференция ҳам дунё тажрибасини ўрганган ҳолда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришда, шунингдек, корхоналар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар Навоий шаҳридаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.

– Зарафшон воҳаси тараққиётида кончилик, жумладан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга, – дейди Урал федерал университети ректори В.Кокшаров. – Конференция доирасида Урал федерал университети ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди. Келгусида шу асосда бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилади.

Анжуман сўнгида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА