Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда турли миллат вакилларига “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони топширилди
14:30 / 2021-08-05

Навоий вилояти ҳокимлигида Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Президент фармонига биноан тақдирланган юртдошларимизга давлат мукофотлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 1 июндаги қарори билан таъсис этилган “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди.

Бугуни кунда Навоий вилоятида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ва иноқликда яшаб келмоқда. Бу вилоят аҳолисининг 11 фоизини ташкил этади.

Вилоятда корейс, озарбайжон, рус, тотар-бошқирд, яҳудий, қозоқ, қорақалпоқ каби 10 та миллий-маданий марказ фаолият кўрсатмоқда.

– Навоий вилоятида қардош халқларнинг истиқомат қилишлари учун барча шароитлар яратиб берилган, – дейди “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони соҳиби, Навоий вилояти ҳокимлиги жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибияти мудири Аброр Султонов. – Навоий шаҳрида 2020 йилда миллий маданий марказлар фаолияти учун “Дўстлик уйи” биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу бинони мукаммал таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Жорий йилнинг июнь ойида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган ёшлар фестивалида Навоий шаҳрининг марказида “Дўстлик шаҳарчаси” ташкил этилиб, миллатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб тадбирлар ташкил этилди. Мазкур тадбир турли миллат ёшларини бир мақсад атрофида бирлаштирди.

[gallery-3305]

Вилоятда ёшларнинг ўз она тилида таълим олишлари учун 94 та, шундан, 21 та рус, 3 та қорақалпоқ, 65 та қозоқ ва 5 та тожик тилида ўқитиладиган умумий ўртатаълим мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 24 096 нафар ўқувчи сабоқ олаяпти.

Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқ ва тавсиясига кўра, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 580 миллион сўм маблағ ажратилиб, ўзбек адабиёти намоёндаларининг 11 номдаги 18 711 дона бадиий адабиётлари тожик ва қозоқ тилларига таржима қилинди ҳамда қардош тиллардаги таълим муассасаларига етказилди.

“Халқлар дўстлиги куни” байрами муносабати билан Президентимиз фармонига кўра давлат мукофоти билан тақдирланган 2 нафар, “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланган 10 нафар навоийликларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА