Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда тўрт йилда алимент ишлари 80 фоизга ошган
09:40 / 2022-02-07

Мажбурий ижро бюроси органлари ташкил этилганидан буён Навоий вилоятида 3 триллион 912 миллиард сўмлик 412 минг 300 та ҳужжатнинг ижроси таъминланган. Биргина 2021 йилда эса суд ва бошқа органлар қарорларини ижро этиш соҳасида жами 117 минг 477 та 1 триллион 249 миллиард сўмлик ижро ҳужжати юзасидан тегишли тадбирлар ўтказилиб, 72 минг 782 та 828 миллиард сўмлик ҳужжатлар бўйича якуний қарорлар қабул қилинди ва 55 минг 615 та ижро иши бўйича амалда 461,2 миллиард сўм ундирилди.

Бу ҳақда Навоий шаҳридаги Мажбурий ижро бюроси Навоий вилоят бошқармаси ва вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Олиб борилган тадбирлар натижасида давлат фойдасига 165,8 миллиард сўм, хўжалик юритувчи субъектларга 264,4 миллиард сўм, фуқароларга эса 31 миллиард сўм пул маблағлари ундириб берилди.

Солиқ қарзи билан боғлиқ 4 минг 858 та ижро иши бўйича 126,8 миллиард сўм, давлат даромадига ўтказилган мол-мулклар ижроси билан боғлиқ 1,7 миллиард сўмлик маблағлар амалда ундирилишига эришилди.

Жиноий ва маъмурий жарима ундириш билан боғлиқ 18 минг 521 та ижро иши бўйича 12,3 миллиард сўмлик жарима, давлат божи бўйича 11 минг 908 та ижро ҳужжати юзасидан19,6 миллиард сўм маблағ ундирилди.

Шунингдек, қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 156 нафар шахс ишга тикланиб, тўланмай қолган 1,2 миллиард сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди.

Президентимизнинг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талабидан келиб чиқиб, янги тизим асосида 2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб давлат фойдасига ундирувларнинг муайян қисмини “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” бўйича жамғармаларга йўналтириш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада 2021 йилда 13,7 миллиард сўм пул маблағлари “дафтарлар”га ундирилиши таъминланди.

Бироқ мажбурий ундирув жараёнида мавжуд ресурс ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмади.

Бугунги кунда бошқарма иш юритувида мулкий ундирувлар билан боғлиқ 421 миллиард сўмлик 44 минг 156 та ижро иши, шу жумладан, давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 39 миллиард сўмлик 17 минг 164 та ижро ишлари қолдиқда сақланиб келмоқда.
2021 йилда бюджетга амалда ундирилган маблағлар миқдори бошқарманинг иш юритувида бўлган давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ижро ишлари сони ва миқдорига нисбатан 58 фоизни ташкил қилмоқда.

Бундай паст кўрсаткичлар вилоятнинг Навоий шаҳар, Кармана, Нурота туман бўлимларида қайд этилган.

Натижада мазкур даврда фаолияти давомида масъулиятсизликка йўл қўйган 32 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.

Жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндашиш, эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида ажрашиб кетиш ҳолатлари йилдан йилга ўсиши натижасида алиментга оид ижро ҳужжатлари сони кескин ортмоқда.

Агарда 2017 йил 6 ойигача бўлган даврда тугатилган суд департаментнинг вилоят иш юритувида жами 6 минг 337 та алимент ундириш ҳақидаги ишлар мавжуд бўлган бўлса, айни вақтда давлат ижрочиларининг иш юритувида қолдиқда бўлган 44 минг 695 та ижро ҳужжатларининг 11 минг 956 таси алимент масаласига оид ишларни ташкил қилади.

Бу ҳар тўртта ижро ҳужжатидан биттаси алимент иши деганидир. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган тўрт йил мобайнида алимент ишлари сони 5 минг 617 тага ёки 80 фоизга ошган.

Бюро ходимлари алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан алоқадор ташкилотлар билан оилаларни ўзаро яраштириш ишларига эътибор қаратмоқда. Натижада ҳокимлик, сектор ва мутасадди ташкилотларнинг амалий ёрдами билан эҳтиёжманд қарздорларнинг 552 нафари иш билан таъминланишига кўмаклашилди, 537 оилалар яраштирилди.

Моддий таъминотга муҳтож фарзандлар фойдасига 6 миллиард сўм алимент пуллари ундирилди, 614 миллион сўмлик уй-жой ва пуллар олдиндан тўлов сифатида берилди.

Алимент олувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида АТ “Алоқа банк” томонидан банк пластик карточкалари очилиб, 1,5 миллиард сўм алимент пуллари ўтказиб берилди.

Эълон қилинган қидирув тадбирлари давомида қарздорларнинг 374 нафари, автотранспорт воситаларининг 164 таси топилиб, 10,6 миллиард сўмлик қарздорлик ундирилди.

Ҳисобот даврида келиб тушган 5979 та мурожаатнинг 5641 таси ёки 94,3 фоизи бевосита Бюронинг ўзида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди.

Матбуот анжуманида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоблар олди.

Абдували Бўриев, ЎзА