Йил якунига қадар Навоийдаги тиббиёт муассасалари 8,5 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади
Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Навоий вилоятида ўтказилган навбатдаги Ҳайъат йиғилишида айтиб ўтди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бажарилаётган даволаш ва диагностика амалиётларининг ўртача 90 фоизи вилоят муассасаларида жорий этилган.
Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳудудий филиали, Қизилтепа ҳамда Хатирчи туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари, 10 та тиббиёт муассасаси ҳамда бирламчи тизим шифо масканлари тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланади.
Шунингдек, Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан ихтисослаштирилган марказлар филиаллари ва туман тиббиёт бирлашмалари учун 62,3 миллиард сўмлик тиббий асбоб-ускуналарни харид қилиш ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишларига маблағ ажратилади.
Бунинг натижасида йил якунигача ҳудуддаги вилоят даволаш-профилактика муассасаларида 95 турдаги, туман, шаҳар шифохоналарида 43-92 турдаги янги муолажа ва диагностика усуллари йўлга қўйилиб, йилига 5 минг нафарга яқин беморларни ўзи яшаб турган ҳудудда соғломлаштириш имконияти яратилади.
А.Бўриев, ЎзА