English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда “Театр томошалари ҳафталиги”
13:14 / 2024-03-26

Юртимизнинг барча театрларида 27 март – Халқаро театр куни олдидан “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтмоқда

Ҳар йили 21-27 март кунлари ўтказилиб келинаётган мазкур тадбир доирасида Навоий вилояти қўғирчоқ театрида ҳам бир қатор спектакллар томошабинлар ҳукмига ҳавола этилмоқда. 

– “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ҳамда спектакллар намойиши бўлиб ўтмоқда, – дейди театр бош режиссёри Акмал Шодиев. – Репертуарларимиздан катталар ва болалар учун “Топталган туйғу”, “Тазарру”, “Қувноқ оила ёхуд хушчақчақ сичқонча”, “Ўткир шохли Буқача” спектакллари ўрин олган. Театримизга турли ташкилот, муассаса ходимлари, аҳоли вакиллари ва болалар ташриф буюрмоқда. Томошаларимизга ташриф буюрувчилар сони кун сайин ошмоқда. Бу биз ижодкорларни мамнун этади.  

Театр саҳнасида намойиш этилаётган “Қувноқ оила ёхуд хушчақчақ сичқонча” спектакли болажонларнинг севимли асарларидан бирига айланди, десак муболаға эмас. Боиси ушбу спектаклнинг ҳар бир намойишига кўплаб болалар ўз ота-оналари билан келишмоқда.  

– Фарзандларим театр олдидан ўтаётганда спектакль афишасидаги ёзувни кўриб, театрга олиб боришимни сўрашди, – дейди Навоий шаҳридаги Фаровон маҳалласида истиқомат қилувчи Роҳила Очилова. – Театр маҳалламизда жойлашганлиги боис, фарзандларимни олиб бордим. “Очиқ эшиклар куни” муносабати билан спектакллар текин намойиш этилаётган экан. Тўғриси, театрга биринчи бор тушишим. Жонли ижро, актёрларнинг образларни маҳорат билан ижро этиши, хуллас, барчаси ажойиб. Фарзандларим ҳам жуда хурсанд бўлди.  

[gallery-16595]

Аҳиллик ва меҳр-оқибат туйғулари улуғланган “Қувноқ оила” спектакли Й.Чеповетскийнинг “Хушчақчақ сичқонча” асари асосида саҳналаштирилган бўлиб, саҳналаштирувчи режиссёр Акмал Шодиев, саҳналаштирувчи рассом эса Дилшод Пирматов. Мушук ролини Ҳамиджон Холиқулов, сичқонча ролини Дилфуза Тўрақулова, сичқончага ёрдамчи Ҳасан Икромов ва Марина хола ролини Матлуба Бобоқулова маҳорат билан ижро этган.  

– Асар хушчақчақ сичқончанинг Марина хола ва мушук билан аҳил оила бўлгани ҳақида экан, – дейди Эъзоза Фармонова. – Марина хола аввалига сичқончанинг ошхонада овқатланиб юришини, катта пишлоқда тешикчалар очишини истамайди. Сичқончани йўқотиш учун уйга мушук олиб келади. Аммо очиқкўнгил, қувноқ сичқонча мушук билан ўйнаб-кулиб дўстлашиб олади. Мушукнинг думи сичқон учун қўйилган қопқонга тушади. Сичқонча унинг думини қопқондан чиқаришга ёрдам беради. Мушук уни тутмасликка ва бирга бу уйдан кетишга қарор қилади. Марина хола уйга торт кўтариб келади. Марина хола ёлғизликдан зериккан аёл бўлиб, сичқончага ўрганиб қолган эди. Кетиш олдидан уйга қайтиб кирган сичқонча унинг сўзларини эшитиб қолади ва Марина холанинг ёнида қолишга қарор қилади. Улар қувноқ оилага айланишади.  

Театрда спектакллар намойиши давом этмоқда.  

 

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),

ЎзА мухбирлари