Навоий вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида таълим муассасаларининг 2025/2026 ўқув йилига тайёргарлиги доирасида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар Кармана туманидаги 32-умумтаълим мактаби ҳамда 30-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлишди.
Дастлаб матбуот анжуманида бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Қаландаров ўтган ўқув йилида эришилган ютуқлар ва жорий йилда режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланганидек, вилоятда таълим муассасаларининг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 2024 йилда 5 та мактабгача таълим ташкилоти янгидан барпо этилди ва 6 та мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилинди. Бунинг натижасида 1050 та тарбияланувчи ўрни яратилди. Шунингдек, 74 та умумтаълим мактабларида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мазкур ишларга 182,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, умумтаълим мактабларига моддий-техник базасини кучайтириш мақсадида 2024 йилда республика ва маҳаллий бюджетнинг 9,1 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан 1033 дона компьютер, 74 дона электрон доска берилган бўлса, улар 2025 йилда 10,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 746 дона компьютер, 51 дона электрон доска, 230 дона планшет билан бойитилди.
Бундан ташқари, “Ташаббусли бюджет” ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 37 та мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти моддий- техник базаси мустаҳкамланиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Матбуот анжуманида ўқитувчилар малакасини ошириш, мактабларда янги баҳолаш тизимининг жорий этилиши, ўқувчиларнинг республика ва хорижий фан олимпиадалари, турли кўрик-танловларда қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Матбуот анжуманидан кейин ОАВ вакиллари 32-мактабда янги ўқув йилига тайёргарликнинг бориши билан яқиндан танишдилар. Айни пайтда барча синфлар ўқув йилига шай ҳолатга келтирилган.
– Мактабимиз Кармана туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида жойлашган бўлиб, ўтган йили фаолиятини бошлаган эди, – дейди мактаб директори Зулфия Ҳабибуллаева. – Ҳозир 26 нафар ўқитувчимиз ўқувчиларга сабоқ бериб келмоқда. Барча ўқитувчиларимиз танлов асосида ишга қабул қилинган. Дастлаб улардан 12 нафари турли тоифаларга эга бўлишган бўлса, ўқув йили якунида тоифага эга ўқитувчилар улуши 85,2 фоизга етди. Мактабимизда умумтаълим фанларидан халқаро сертификатга эга ўқитувчилар сони 4 нафарни, миллий сертификатга эга ўқитувчилар эса 7 нафарни ташкил этади. Жорий йилда битирувчиларимизнинг 80 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганлиги ҳам таълим муассасамизда ўқув жараёнларининг тўғри йўлга қўйилаётганлигидан далолатдир.
Бугунги кунда вилоятда 1451 та мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, уларнинг 222 таси давлат, 1227 таси нодавлат ва 2 таси ташкилотга қарашли боғчалардир.
[gallery-24984]
Маълумотларга кўра, мактабгача таълим соҳасида нодавлат сектор тармоғи кенгайтирилиб, жорий йил якунига қадар яна 47 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади ва 2 минг 150 та тарбияланувчи ўрни янгидан яратилади. Бунинг натижасида йил якунига қадар вилоятда 3-7 ёшли болалар қамрови 87,5 фоизга ва 6 ёшли болалар қамрови эса 98,5 фоизга етказилади.
30-давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам Кармана туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида жойлашган бўлиб, 180 ўринга мўлжалланган. 2024 йилда ўз фаолиятини бошлаган боғчада айни пайтда 120 нафар бола тарбияланмоқда.
– Боғчамизда “Илк қадам” давлат дастури асосида иш олиб борилмоқда, – дейди мактабгача таълим ташкилоти директори Нигора Жумаева. – Болаларимизнинг таълим-тарбия олиши учун давлатимиз томонидан барча шароит яратиб берилган. Хоналаримиз замонавий жиҳозланган. Турли тўгараклар ташкил этилган. Боғчамизда ёзги соғломлаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, белгиланган режа асосида иш олиб борилмоқда. Ота-оналар ҳомийлигида бассейнлар ташкил қилиниб, сув ўйинлари ва болаларни чиниқтириш машқлари, болалар учун экологик йўлакчалар барпо этилиб, оёқ машқи ўйинлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжумани ва пресс- тур давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари