Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда суюлтирилган газ хариди учун ID карталар жорий этилмоқда
12:29 / 2021-04-16

Маиший истеъмол учун аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши соҳа ходимлари ва истеъмолчилар учун қулайлик яратмоқда.

Яқинда вилоятда истеъмолчиларга ID карта етказиб бериш ишлари бошланди. Конимех туманидаги «Шўркўл» маҳалласининг «Янгиобод» қишлоғида истиқомат қиладиган Султон Ташимов вилоятда ID карта олган биринчи истеъмолчи ҳисобланади.

– Битта газ баллон нархи 22 400 сўм, – дейди Султон Ташимов. – Баъзида ана шу нархнинг тўлови борасида тушунмовчиликлар бўларди. Бунинг олдини олиш учун газ баллонларимизга ёрлиқ ўрнатишган эди. Яқинда карта ҳам беришди. Энди суюлтирилган газ учун тўловларимиз назорат остида амалга оширилади.

Айни вақтда соҳа мутахассислари томонидан истеъмолчилар билан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштириб, уларга ID карталарни тарқатиш ишлари давом этмоқда.

Суюлтирилган газнинг автоматлаштирилган тизимга ўтаётгани истеъмолчи қаторида соҳа ходимлари учун ҳам янгилик. Шу боис, “Hududgaztaʼminot” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан махсус ўқув-семинарлар ташкил этилиб, ушбу йўналиш ходимларининг малакалари оширилди.

Навоий вилоятида суюлтирилган газдан фойдаланадиган 99 029 та истеъмолчи бўлиб, шундан 92 179 истеъмолчига шартнома асосида газ баллон етказиб берилади. Қолган 6 850 та истеъмолчи Учқудуқ шаҳридаги газ қувурлари орқали суюлтирилган газ билан таъминланади.

Маълумки, ҳар бир истеъмолчига суюқ газ билан тўлдирилган маиший газ баллонни етказиб бериш оралиғи белгиланган меъёр асосида 40-45 кунни ташкил этади. Тарқатиш жараёнида унинг маиший эҳтиёж учун ишлатилиши бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб бориляпти.

– Тизимда шаффофликни таъминлаш истеъмолчи манфаати ва иш унумдорлиги учун жуда муҳим, – дейди “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. – Шуни ҳисобга олиб, вилоятда ҳар битта туманда биттадан маиший газ баллон ташишга мўлжалланган транспорт воситаларига тажриба тариқасида видеокузатув камералари ўрнатилмоқда. Бу суюлтирилган газ таъминотида коррупцион ҳолатлар, қолаверса, газ баллон тарқатишда соҳа ходимлари ва истеъмолчилар ўртасида турли тушунмовчиликлар юзага келишининг олдини олади.

Агар тажриба кўзланган натижани берса, маиший газ баллон ташийдиган транспорт воситаларининг барчаси ана шундай масофадан туриб онлайн назорат қилинади.

Абдували Бўриев, ЎзА