Навоийда ректорлар депутатларга ҳисобот беришди
Навоийдаги ректорлар 2019 йилда амалга оширган ишлари ва 2020 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида депутатларга ҳисобот беришди
Навоийдаги ректорлар 2019 йилда амалга оширган ишлари ва 2020 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида депутатларга ҳисобот беришди
Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри депутатлари Кенгашларида ҳудудлардаги ОТМ ректорлари 2019 йилда амалга оширилган ишлар ва 2020 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида ҳисобот беришмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 4 февраль куни Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашида Навоий давлат педагогика институти ҳамда Навоий давлат кончилик институти ректорларининг ҳисоботлари тингланди.
Сессияда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Улуғбек Ташкенбаев, вилоят ҳокими Қобул Турсунов, депутатлар, ҳудуддаги ОТМларнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Президентимиз ўз Мурожаатномасида олий таълим тизимини ислоҳ қилишга алоҳида тўхталиб, соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берганини таъкидлар экан, вилоятдаги олий таълим муассасаларидаги мавжуд камчиликлар ва таълим сифати тўғрисида маълумот берди.
Вилоятдаги олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнига хорижий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини кенгроқ жалб этиш, илмий салоҳиятни ошириш, илмий ва хорижий лойиҳалар сонини кўпайтириш улардан маблағлар тушумини ошириш, институт профессор-ўқитувчилари томонидан Scopus va Science Direct халқаро илмий-техник маълумотлар базаларидан фойдаланиш самарадорлигига эришиш ва етакчи хорижий журналларда мақолалар салмоғини кўпайтириш, халқаро илмий журналларда, Республика (ОАК) илмий журналларида ва халқаро анжуманларда илмий мақолалар чоп этишни кўпайтириш, монография, ўқув қўлланма ва дарсликларни чоп этишни кўпайтириш, халқаро ва республика миқёсидаги илмий-амалий конференциялар ўтказиш лозимлиги таъкидланди.
Навоий давлат педагогика институти ректори ва унинг ўринбосарлари, факультет деканлари, таркибий бўлинмалари раҳбарлари, кафедра мудирлари томонидан самарали менежментни таъминлаш бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйилганлиги, жорий, ўрта муддатли ва истиқболли вазифалар тизимли таҳлил қилинмаганлиги, эътироф этилган халқаро талаблар ва стандартлар даражасида замонавий таълим, шу жумладан инновацион дастурлар ва самарали илмий-тадқиқот ишлари жорий этилишини таъминлаш юзасидан бошқарув раҳбар кадрлари ва профессор-ўқитувчилар таркибига нисбатан талабчанликнинг сустлиги, шунингдек, институтнинг мамлакатимиз институтлари ва етакчи хорижий олий таълим муассасалари орасида рейтинги ошиши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.
Шунингдек, тегишли ташкилотларга институтнинг барча факультет ҳудудларида Wi-fi зоналарини ташкил этиш, интернет тезлигини ошириш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, институт ахборот ресурс марказидаги ўқув ва илмий адабиётларнинг электрон шаклдаги версияларини кўпайтириш вазифалари юкланди.
Навоий давлат кончилик институтида эса тегишли таълим йўналишлари бўйича ҳар бир талабанинг 2-курсдан бошлаб тегишли тармоқнинг муайян ташкилотлари ва корхоналарида малакавий амалиётлари тизимли равишда ўтказиш, шунингдек уларнинг амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқаришда ташкиллаштириш бўйича дарс машғулотлари жадвалини ишлаб чиқиб тасдиқлаш ва амалга оширилишини таъминлаш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш белгиланди.
Бундан ташқари, институт профессор-ўқитувчиларини илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда корхоналарнинг замонавий технологияларини ўрганган ҳолда ўқув жараёнига қўллаш мақсадида уларни ишлаб чиқариш корхоналарида стажировкаларини ташкил этиш топшириғи берилди.
Депутатлар вилоятдаги ОТМ ректорларига саволлар билан мурожаат қилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича режалар билан қизиқишди.
Якунда вилоятидаги ОТМларда таълим сифатини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкам ва уларнинг миллий рейтингдаги ўринни яхшилаш бўйича халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши қарори қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қи
лиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати