Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, ёш хотин-қизларнинг руҳий ва маънавий зўриқишининг олдини олиш мақсадида “Қизлар овози” клубининг вилоят форуми бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрдаги ёшлар билан учрашувида кўтарилган ёш оилалар ажримининг сабаб ва оқибатларини танқидий-таҳлил қилиш, ёш хотин-қизлар билан ишлашнинг замонавий модулини яратиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий саводхонлигини ошириш мақсадида “Қизлар овози” платформаси доирасидаги лойиҳаларга старт берилиб, қанчадан қанча истеъдодли қизлар бир мақсад атрофида бирлашди. Қарийб, бир йил давомида 8 та йўналишни ўз ичига олган “Қизлар овози” клуби турли лойиҳаларни амалга оширди.
− "Қизлар овози" клуби аъзолари хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатини амалга оширишдаги муаммо ва ечимлар, норматив ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган, бироқ амалда ёш хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оилаларда миллий қадрият, ёш хотин-қизларнинг ахлоқий меъёрлари масалалари бўйича ўзларининг креатив ғоялари билан аслида бир эзгу мақсад атрофида эканликларини кўрсата олди. Ва бу ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Шу сабаб жорий йилда барча шаҳар-туманларда ушбу клубнинг фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, айни пайтда, “Қизлар овози” клуби вилоят координаторларига муносиб қизларнинг сараланётганлиги ҳам жамиятда хотин-қизларга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир, − дейди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси матбуот котиби Дилноза Абдуҳамидова.
Форум доирасида координаторликка номзод қизларнинг лойиҳалари тингланди. Жумладан, Навоий давлат педагогика институти 4-босқич талабаси, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони соҳибаси Барно Ҳасанова “Ижтимоий ҳимоя қатламидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш”, Навоий давлат педагогика институти 2-босқич талабаси Баҳора Сафарова “Шарқона гендертенглик”, Навоий давлат педагогика институти магистранти, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони соҳибаси Шарофат Турсунова “Экологик маданият ва унда хотин-қизларнинг ўрни”, Навоий давлат педагогика институти 2-босқич талабаси, “Йил талабаси – 2020” кўрик-танлови ғолиби Гулҳаё Равшанова “Хотин-қизлар бандлиги бўйича “Ёш бизнесмен қизлар” Кенгашини тузиш” лойиҳаси билан иштирок этди.
Турли баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар, шунингдек, ошкоралик, шаффофлик ва адолатлилик тамойили асосида овоз бериш йўли билан “Қизлар овози” вилоят координаторлигига ўз билими, тиришқоқлиги, истеъдоди ва иқтидори билан Гулҳаё Равшанова муносиб деб топилди.
Шунингдек, тадбир якунида бир қатор ҳамкор ташкилотлар ҳамда фаол қизлар Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг “Ташаккурнома”си билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, “Қизлар овози” II Республика Форуми Навоий вилоятида ўтказилади.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА