Навоий вилоятида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида жорий йил 20 ноябрдан 30 декабрга қадар ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” доирасида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, биргина 22 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида 51 нафар фуқаро профилактик ҳисобга олинган бўлса, ҳуқуқбузарларга нисбатан 507 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.

– Тадбир бошидан олиб борилаётган “Тиғ” тадбирларида қоидабузарлардан жами 620 та ашёвий далил олинди. 229 та вояга етмаган шахс реаблитация марказига жойлаштирилган бўлса, бир кунннинг ўзида жамоат жойида бемақсад юрган 132 нафар фуқаро ички ишлар органлари таянч пунктларига олиб келинди, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошов. – Шунингдек, тадбир бошидан 1948 нафар фуқаронинг спиртли ичимлик таъсирида жамоат жойида юрганлиги аниқланиб, наркалогик диспансерга топширилди.

Йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан эса йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун бир кунда 398 та, тадбир бошидан 19 минг 665 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. 276 нафар ҳайдовчига маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий баённома тузилиб, тадбир бошидан 3103 та автомашина жарима майдончасига жойлаштирилди.
Маъмурий амалиёт бўлимидан олинган маълумотга асосан, тадбир бошидан шу кунга қадар 6 мингта қоидабузарликка нисбатан 1 миллиард 364 миллион сўм миқдорда, 22 ноябрь куни эса 1229 та қоидабузарлик учун жами 279 миллион сўм миқдорда жарима қарздорлиги ундирилди.

Назорат тадбирлари давомида транспорт воситалари тўхтатилиб, ҳайдовчиларга автомашина рулига маст ҳолатда ўтирмаслик, тезликни меъёридан оширмаслик, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлиги тушунтирилиб, тарқатма материаллар тарқатилмоқда. Шунингдек, тунги вақтда бемақсад юрган ёшларда жамоат тартибига амал қилиш, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун қонуний жазо муқаррарлиги таъкидланмоқда.
Вилоят ҳудудида профилактик тадбирлар давом этмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири