Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Навоий вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида “Ўзбекистон ёшлар форуми - 2021” ойлиги доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан жамоатчиликни таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Форум доирасида “Ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш”, “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, интеллектуал салоҳиятли фаол ва ташаббускор ёшларни тарбиялаш”, “Ёшлар ўртасида илм-фанни янада ривожлантириш, уларни “IT” ва хорижий тилларни ўрганишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш”, “Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш орқали юксак маданиятли ва ватанпарвар ёшлар ҳаракатларини ташкил этиш” ҳамда “Ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган учрашув ва очиқ мулоқотлар ташкил этиш” каби 5 та йўналишда 60 дан ортиқ турли лойиҳалар ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
– Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Ходжаев. – Шу мақсадда янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Натижада мазкур қонун ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
[gallery-4898]
Ойлик доирасида барча шаҳар-туманларда маҳаллаларда тадбирлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилган. “Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021” ойлиги доирасида вилоятда 200 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Уларнинг 67 минг 720 нафарини талабалар, 72 минг 770 нафарини ўқувчилар, 7 минг 40 нафарини спортчилар, 23 минг 800 нафарини бандлиги таъминланмаган ёшлар, 33 минг 670 нафарини эса бошқа тоифадаги ёшлар ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Форумни юқори савияда ўтказиш бўйича махсус штаб ҳам ташкил этилган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА