Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида вилоят мактабгача таълим бошқармасининг “Мактабгача таълим сифати: жорий ҳолат ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида вилоят анъанавий август конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланган мактабгача таълим соҳаси ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, мактабга тайёрлаш, соҳадаги ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим тизимида бошқарув механизми тубдан такомиллаштирилиб, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида сўз борди.
Вилоятда 2018-2022 йиллар давомида жами мактабгача таълим ташкилотлари сони 132 тадан 1127 тага етди. Улардан 210 таси давлат ва 917 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир. Бугунги кунда давлат мактабгача таълим ташкилотларининг қарийб 90 фоизи замонавий лойиҳалаштирилган биноларга жойлаштирилган бўлиб, 87 фоизи марказлашган тизимларга уланган.
[gallery-8337]
– Биргина жорий йил 6 ойи мобайнида 2 та давлат ва 3 та йирик давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди, – дейди вилоят мактабгача таълим ташкилоти бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев. – Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари негизида 4 та хусусий, 73 та йирик давлат-хусусий шериклик асосида ва 840 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. 80671 нафар 3-7 ёшдаги болаларнинг 65247 нафари мактабгача таълим билан қамраб олинган. Бу кўрсаткич 5 йилда 34,1 фоиздан 80,9 фоизга етказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан вилоятда бугунги кунда 60 та давлат мактабгача таълим ташкилотида овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этилди.
Вилоятда 2018-2022 йиллар давомида турли давлат дастурлари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 130 та, жумладан 33 та давлат мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилди, 79 таси реконструкция қилинди, 18 таси мукаммал таъмирланди. Жорий йилда эса 66,7 миллиард сўмлик 22 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятда нодавлат секторни ривожлантириш учун 82 та йирик лойиҳага 170,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, тизимда таълим беришнинг муқобил шаклларидан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, 2020-2022 йилларда 6 ёшли болалар учун 284 та бир йиллик бепул мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, уларга 6923 нафар бола қамраб олинди. Жорий бошланадиган янги ўқув йилида ҳам яна қўшимча 58 та мажбурий гуруҳни ташкил этиш ва уларга камида 1160 нафар 6 ёшли болаларни бепул қамраб олиш белгиланган.
– Бугунги кунда Нурота, Навбаҳор, Конимех, Хатирчи туманларининг қамров даражаси паст, давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган чекка қишлоқларида махсус тайёрланган ва жиҳозланган 9 та икки сотихли мобиль майдончаларда 20 та гуруҳ ташкил этилган, – дейди Ў.Тиллаев. – Ҳар бир ҳудудда махсус жиҳозланган автобуслар орқали жами 318 нафар 3-7 ёшли болаларга бепул таълим хизматлари кўрсатилиши таъминлаб келинмоқда. Шунингдек, вилоятда боғча ёшидаги имконияти чекланган болаларни ҳам мактабгача таълим билан қамраб олиш ва уларни соғлом тенгдошлари қаторида сифатли бепул таълим-тарбия олишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йил бошида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан ҳомийлик асосида қарийб 30 миллиард сўм маблағ эвазига барча зарур шарт-шароитларга эга 72 ўринли кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Навоий шаҳрида эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 миллиард сўм эвазига қуввати 110 ўринли 16-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти тўлиқ мукаммал таъмирланмоқда.
Конференция доирасида туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлими мудирлари, мактабгача таълим ташкилотлари директор ва методистлари гуруҳларга бўлинган ҳолда шўбалардаги машғулотларда иштирок этди.
Тадбир сўнгида тизимда самарали меҳнат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган раҳбар ва педагог кадрлар тақдирланди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА