Ушбу клиникада вилоятдаги мавжуд давлат корхоналарини соғломлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини шаффоф тарзда амалга ошириш, тараққиётнинг асосий омилларидан бўлган давлат активларини хусусийлаштиришда ривожланган давлатлар тажрибасидан самарали фойдаланган ҳолда янгича тизим асосида иш олиб борилади.
Маълумки, мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бунда албатта, Президентимизнинг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони дастуриламал вазифасини бажармоқда.


– Энг асосийси ушбу клиника ўз бизнес фаолиятларини юритиш истагида бўлган тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар ва имкониятлар яратиб бериши билан янада аҳамиятлидир, − дейди вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Саъдулла Мирзаев.
− Жумладан, давлат активларини харид қилиш, ижарага олиш истагида бўлган ҳар қандай тадбиркор ёки инвестор жараёнга тегишли барча саволларига шу ернинг ўзида етарли барча жавобларни олади, ортиқча сунъий бюрократик тўсиқларга барҳам берилади.


Шунингдек, клиника фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида давлат активларини бошқариш, банк, солиқ, кадастр, савдо-саноат, инвестиция ва ташқи савдо бошқармаларидан масъул ходимлар жалб қилинган. Бундан кўзланган мақсад “ягона дарча” тамойилида ишларни тизимли олиб боришдир.
Келгусида клиниканинг барча шаҳар ва туманларида филиалларини очиш режалаштирилган.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (фото), ЎзА.