Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда коммунал хизматларни ягона биллинг тизимига ўтказиш учун тажриба тариқасида IT дастури жорий этилмоқда
12:21 / 2021-03-17

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва 2021 йилги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Бугунги кунда вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси тасарруфида вилоят “Иссиқлик манбаи”, “Таъмирлаш-тиклаш хизмати”, “Ягона ҳисоб-китоб маркази” ДУКлар ва уларнинг шаҳар, туман филиаллари, ҳудудларда иш олиб бораётган 66 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 январдаги "Навоий КМК" давлат корхонасининг соҳага оид бўлмаган, ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этилмаган активларидан самарали фойдаланишни ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Навоий кон-металлургия комбинати” ДК Уй-жой коммунал бошқармаси бошқарувида бўлган Навоий шаҳридаги 255 та кўп қаватли уйлар уй-жой мулкдорлар ширкатлари бошқарувига қабул қилиб олинди. Мазкур қабул қилинган кўп қаватли уй-жойларда НКМК ДКнинг 35,1 миллиард сўм маблағи ҳисобидан Навоий шаҳридаги юзта кўп қаватли уйнинг 151,7 минг кв.м том қисми, 107,1 минг кв.м фасад қисми, 163,8 минг п/м ертўла қисмидаги коммуникация тизимларини мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 11,3 км иссиқлик тармоқлари ва 4,6 км ичимлик сув таъминоти қувурлари, 1 дона иссиқлик қозони мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари, 402,6 км иссиқлик тармоқлари, 633,3 км ичимлик сув тармоқлари, 4 дона қозонхона ва 26 дона иссиқлик таъминоти қозонлари белгиланган дастур асосида жорий таъмирланди.  

Матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Нуриддин Жуманиёзов ОАВ вакиллари саволларига жавоб берар экан, 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.

[gallery-1594]

Ҳозирда вилоят ҳудудида фаолият юритиб келаётган кўп қаватли уйларни бошқарувчи ташкилотлар ва уй-жой мулкдорлари ширкатларига коммунал хизматларни ягона биллинг тизими ва истеъмолчиларнинг унификация қилинган шахсий ҳисобварағини жорий этиш бўйича тажриба тариқасида IT дастури тест режимида текширилмоқда.

Ушбу дастур орқали мулкдорлар барча коммунал тўловлар, яъни Мажбурий бадал иссиқлик таъминоти, иссиқ ва совуқ сув, оқова сув, чиқинди тўловларини ягона дастур орқали жойлардаги УЖМШларининг махсус кассаларига бормасдан тўлаш имконияти вужудга келади. Бундан ташқари ҳар бир мулкдорнинг шахсий ҳисобварағи (ҳар бир хонадон учун код) орқали ишлаб чиқилган мобиль илова орқали ҳам шахсий кабинетлари орқали ҳам тўловлар тарихи ва қарздорлигини кузатиб бориш имконияти яратилади.

Шунингдек, вилоят “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” ДУК негизида Учқудуқ туманида тажриба тариқасида Бошқарув сервис компаниясини ташкил этиш режалаштирилган.

– Навоий, Зарафшон шаҳарлари ва Учқудуқ туманидаги мавжуд 285 та лифт ускуналарини ягона электрон бошқарув тизимига ўтказиш йил охирига қадар якунланади, – дейди Н.Жуманиёзов. 

– Шунингдек, вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан 2021 йил манзилли дастур доирасида жами 14,8 миллиард сўмлик таъмирлаш монтаж ишларини бажариш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 апрелдаги “2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилга мўлжалланган кўп қаватли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлашга мўлжалланган вилоят дастур лойиҳаси ишлаб чиқилиб, мазкур дастурга асосан вилоят бўйича жами 65,5 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, болаларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш мақсадида 46 та янги болалар майдончаси қуриш ва мавжуд 70 та майдончани таъмирлаш, 42 та "workout" спорт майдончасини қуриш ишлари режалаштирилган.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА