English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда “Китобхонлик фестивали” ўтказилди
12:46 / 2022-07-30

Навоий вилоят Болалар кутубхонаси томонидан “Маънавият ва маърифат маркази”да ўқувчиларни китобга, китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, оилавий китобхонлик муҳитини яратиш, она Ватанга муносиб фарзанд бўлиш ҳиссини уйғотиш мақсадида “Китобхонлик фестивали” ўтказилди.

Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган Болалар кутубхонаси директорлари, китобхонлик танловлари вилоят босқичи ғолиблари ва ўқувчи-ёшлар иштирок этган тадбир Навоий вилоят “Баркамол авлод” мактаби ҳамда вилоят Болалар кутубхонаси томонидан ташкил этилган китоблар кўргазмасини томоша қилиш билан бошланди.

Фестивал очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентабрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш” бўйича 5 та муҳим ташаббус доирасида белгиланган тизимли ишларни амалга ошириш мақсадида республиканинг барча вилоят Болалар кутубхоналари томонидан ўтказилаётган “Китобхонлик фестивали”нинг аҳамияти ҳақида сўз борди.

Таъкидланганидек, Навоий вилоятининг барча умумтаълим мактабларида “Китобхонлик ҳафталиги” ташкил этилиб, ҳафталик доирасида ўқувчилар ўртасида китоблар кўргазмаси, янги китоблар тақдимоти, танловлар, ижодий учрашувлар, викториналар, китоб ярмаркалари ўтказилди. Ушбу тадбирларда барча мактаб жамоалари ва кутубхоначилари, ўқувчилар ва ота-оналар фаол иштирок этди. Ўқувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, таълим муассасаларидаги китобхон ўқувчиларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида турли китобхонлик танловлари ташкил этилиб, 5000 нафарга яқин ўқувчилар қамраб олинди.

Фестиваль доирасида ўтказилган танловлар ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланди. Жумладан, “Энг яхши мактаб кутубхоначиси” танлови вилоят босқичида Кармана туманидаги 18-умумтаъли мактаби кутубхоначиси Санобар Ҳайитова, “Навоий издошлари” танловида Зарафшон шаҳридаги 9-умумтаълим мактаби 7-синф ўқувчиси Азиза Иброҳимова, “Мен ва бобом китобхон оила” танловида Зарафшон шаҳридан Муҳаммадиевлар оиласи, “Темурбек авлодиман” танловида Кармана туманидаги 28-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Шамшод Ғойибов, “Энг ёш китобхон ўқувчи” танловида Кармана туманидаги 30-умумтаъли мактаби 2-синф ўқувчиси Севинч Алиқулова фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

– Китоб ўқиган кишининг маънавияти юксалиб, дунёқараши, фикрлаши кенгайиб бораверади, – дейди танлов ғолибларидан бири Санобар Ҳайитова. – Биламизки, китоб инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Мактабимиз кутубхонасида китобхонлар учун барча шароитлар бор. Йилдан-йилга китоб ўқийдиган ўқувчилар сони ошиб бормоқда. 

Кунда, кун ора ўқувчилар янги-янги китоблар сўраб келади. Имкон қадар уларнинг истакларини қондиришга, сўраган китобларини топиб беришга ҳаракат қиламан. Кутубхонамизда йўқ китобларни туманимиз марказида жойлашган вилоят Болалар кутубхонасида бор-йўқлигини сўраб, ўқувчиларимни шу кутубхонага йўналтираман. Қолаверса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг бадиий адабиётга қизиқишини ошириш мақсадида “Кутубхона маънавият маскани”, “Бахтли болалик ва саодатли умрнинг кафолати”, “Адабиётга эътибор – келажакка, маънавиятга эътибор”, “Китоблар байрами” доирасида “Китоб – ўқиб қадрланади”, “Энг фаол китобхон”, “Энг фаол китобхон оила”, “Энг фаол китобхон раҳбар” каби тадбирлар ўтказиб тураман.

Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фестивалда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчилар рағбатлантирилди.

Абдували Бўриев, ЎзА