Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда кислород ишлаб чиқариш “заводлари” кўпаймоқда
10:18 / 2022-11-22

Навоий вилоятида саноат корхоналарининг кўплиги боис бошқа ҳудудларга нисбатан атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ҳам анча юқори. Йирик саноат корхоналарининг аксарияти Навоий шаҳрида жойлашганлиги сабабли шаҳарда истиқомат қилувчи аҳоли бундан азият чекади. Бу салбий ҳолатнинг олдини олишнинг энг мақбул йўлларидан бири эса шубҳасиз, кислород ишлаб чиқариш “заводлари” – “яшил макон”ни кўпайтиришдир.

Навоий вилояти Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Навоий вилоятидаги саноат корхоналари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.  

Дастлаб ОАВ вакиллари Навоий шаҳридаги “Ёшлик” кўли атрофида ташкил этилаётган “яшил жамоат парки” билан танишишди. Ушбу “яшил жамоат парки” нинг ер майдони 1 гектарни ташкил қилиб, вилоят бўйича 2026 йилга қадар лойиҳа доирасида 15 та “яшил жамоат парки” ташкил қилинади.  

– “Яшил жамоат парки” аҳоли сайр қилиши учун мўлжалланган дарахтзор ва бутазорлардан иборат бўлади ва идоравий мансублигидан қатъий назар, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан аттракционлар қурилиши тақиқланади, – дейди вилоят Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Зубайда Душанова. – Энг муҳими, бундай парклар аҳоли яшаш пунктларига яқин жойларда барпо этилиб, парк ҳудудига кириш бепул бўлади. Бу ерда тамаки ва алькогол маҳсулотларини истеъмол қилиш, ҳудудга автотранспорт воситаларининг кириши тақиқланади. Фақатгина китоб дўконлари қуришга рухсат берилади.  

Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “белбоғ”лар ташкил этилмоқда. Пресс-тур иштирокчилари “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ ходимлари томонидан олиб борилаётган ишлар билан ҳам  танишишди. Корхона томонидан Кармана тумани “Маликработ” маҳалласи ҳудудида “яшил белбоғ” яратилмоқда.  

– Ушбу “яшил белбоғ”ни ташкил этиш мақсадида 5 гектар ташландиқ ер майдони ободонлаштирилиб, мутахассислар билан маслаҳатлашилди ва ҳудудга мос дарахт навлари танланди, – дейди “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ директор ўринбосари Комилжон Ҳафизов. – Ҳозирда 6000 туп каталпа, қайроғоч, ясин, тут каби дарахт кўчатлари экилмоқда. Бу ерда суғориш тизими мавжуд бўлиб, сув Зарафшон дарёсидан насос тизимида олинади. Бугунги кунда кўчат экиш ишларига 200 нафар ишчи-ходимлар жалб этилган. Корхонамиз томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Долзарб 40 кунлик” мавсумида 10 минг тупга яқин мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари экиш кўзда тутилган.  

Пресс-турнинг навбатдаги манзили “Навоийазот” АЖ бўлди. Мазкур корхона Навоий шаҳрига жуда ҳам яқин масофада жойлашган. Шунинг учун корхона томонидан  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “яшил белбоғ”лар ҳудудини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

– Ушбу “яшил белбоғ”лар ҳудуди 1,2 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, 1 минг 200 туп гужум кўчатлари экилмоқда, – дейди “Навоийазот” АЖ бўлим бошлиғи Толмас Рўзимуродов. – Ер майдонимиз саноат хавфсизлиги талабларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланди. Бугун кўчатларни экиш ишларида корхонанинг 300 нафар ишчи-ходимлари фаол иштирок этмоқда. Кўчатлар тўрт қатор қилиб, белгиланган меъёрларга асосан экилмоқда. Экилган кўчатлар экология давлат инспекторлари томонидан “Яшил макон” электрон платформасига киритилиб борилмоқда.  

Жорий йил “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Долзарб 40 кунлик”да вилоят бўйича 5 миллион 274 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда қаламчалар экиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 4 миллион донага яқин кўчат экилди.

– Вилоятда кўчат ўтқазиш бўйича чора-тадбирларни белгилаб, аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилди, – дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Хайрулло Бақоев. – Жумладан, магистрал автомобиль йўллари, туман-шаҳар ички йўллари ва йўл ёқасига 53 минг дона, қишлоқ хўжалиги ерларига ва эхотазорлар барпо этиладиганерларга 2 миллион 167 минг дона, фермер хўжаликлари ерларига 1 миллион 916 минг дона, ижтимоий соҳа объектлари ҳудудларига 126 минг дона, корхона ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳудудларига 193 минг дона, ободонлаштириш бошқармасига қарашли ҳудудларга 197 минг дона ва маҳаллаларга 623 минг дона мевали ва манзарали дарахт ва буталар экилмоқда. Шунингдек, йирик саноат корхоналари атрофида 50 гектар ер майдонида 35 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, “Яшил белбоғ” ташкил этилмоқда.  

Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари ҳам “яшил белбоғ”лар ташкил этишда фаол иштирок этиб, кўчатлар экишди. Якунда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида “Журналистлар боғи”ни ташкил этишга келишиб олинди.  

 

Абдували Бўриев,  

ЎзА