Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда “Касаба уюшмалари куни” кенг нишонланди
15:36 / 2025-11-06

Навоий шаҳридаги “Мумтоз” тантаналар масканида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда юртимизда соҳаларда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Қайд этилганидек, касаба уюшмалари фаолиятига доир ҳуқуқий асос йилдан йилга такомиллаштирилмоқда. 2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши эса касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди. 

Таъкидлаш ўринлики, ижтимоий меҳнат муносабатларига оид қонунларнинг аксариятида давлат органлари томонидан Федерацияга келишиш учун тақдим этилган мингдан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, шу жумладан, янги меҳнат кодексида ҳам касаба уюшмалари таклифлари ўз аксини топган. 

Бугунги кунда Навоий вилоятида 1600 дан зиёд бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари фаолият кўрсатиб, уларда 300 мингга яқин ишчи-ходим касаба уюшмаси аъзолари ҳисобланади.

Сўнгги йилларда вилоятда меҳнат муносабатларини соғломлаштириш, иш жойларида хавфсиз ва муносиб шароит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат шартномаларини расмийлаштириш даражаси 97 фоизга етган бўлса, аёллар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича махсус дастурлар қабул қилинган.

Навоий вилоятидаги йирик саноат корхоналарида “Меҳнат муҳити – инсон қадри” ташаббуси асосида касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимият ва иш берувчилар ҳамкорлигида 60 дан ортиқ ижтимоий ҳимоя лойиҳалари амалга оширилди. Улар орқали минглаб оилаларнинг турмуш шароити яхшиланяпти.

– Бундан беш йил олдин вилоятдаги 3666 та корхона ва муассасаларнинг 237 минг нафар ходимлари жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган бўлса, бугунга келиб қамров 4101 та корхона ва ташкилотларда ишловчи 343 минг нафарга етказилди, – дейди Федерациясининг вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева. – Вилоятда 195 та корхона ва ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назорати ўтказилиб, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан касаба уюшмалари томонидан иш берувчиларга 117 та кўрсатма киритилиб, тўлиқ бартараф этилишига эришилди. Корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан жамоа шартномаларида кўзда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини бажариш учун 2020 йилда 41,7 миллиард сўм сарфланган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 93 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. 

Бугун соғлом авлодни тарбиялаш, болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришда касаба уюшмаларининг алоҳида ўрни бор. Сўнгги беш йилда ёз мавсуми давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштирилишини ташкил этиш борасида 11 та шаҳардан ташқаридаги оромгоҳларда 85 минг нафардан ортиқ бола соғломлаштирилди.

[gallery-26103]

Федерацияси маблағлари ҳисобидан Хатирчи тумани “Лангар” қишлоғида 200 нафар болани дам олдиришга мўлжалланган оромгоҳ қурилиши ишлари бошлаб юборилди.

Тадбирда касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаолларга “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишони, фаҳрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. 

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса даврага кўтаринки кайфият улашди.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари