Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан “Маънавият ва маърифат” марказида давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 6-7 ёшли тарбияланувчилари ўртасида “Жажжи заковатчилар” интеллектуал ўйинининг вилоят брейн-ринг босқичи ўтказилди.
Бугунги кунда барча соҳа ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини оммалашиб, мунтазам равишда беллашувлар ташкил этилмоқда. Энди улар сафига жажжи болажонлар ҳам қўшилди.

Ушбу ҳаракатни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларнинг мантиқий фикрлашини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш, ушбу ўйинлар ташкил қилинишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида 2021 йил 20 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.


“Жажжи заковатчилар” интеллектуал ўйини вилоят миқёсида илк бор ташкил этилаётган бўлиб, унда Навоий шаҳри, Қизилтепа, Конимех, Кармана ва Навбаҳор туманларидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган жажжи билимдон (жамоа)лар ўзаро беллашди.

Ўйин якунида Навоий шаҳридаги 26-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси 1-ўринни, Навбаҳор туманидаги 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси 2-ўринни ва Қизилтепа туманидаги 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Тадбир якунида “Жажжи заковатчилар” интеллектуал ўйинини ҳар йили уч босқичда тизимдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказиб бориш ва уни анъанага айлантириш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди, ғолиб ва совриндорлар жамоаларга эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА