Сўнгги йилларда Навоий вилоятида ҳам аҳолини куз-қиш мавсумида узлуксиз ва барқарор иссиқлик энергияси билан таъминлаш масаласи устувор вазифалардан бирига айланди.
Айниқса, мавжуд инфратузилманинг эскириши, энергия йўқотишларининг юқорилиги ҳамда аҳоли сонининг ўсиши иссиқлик таъминоти тизимини тубдан янгилашни тақозо этмоқда. Шу боис Навоий вилояти “Иссиқлик таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан тизимли ва босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ижросини таъминлаш доирасида жамият томонидан 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Хусусан, иссиқлик тармоқлари ҳамда асосий технологик ускуналарнинг техник ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Режада 16 километр иссиқлик тармоқларини таъмирлаш белгиланган бўлса-да, амалий ишлар натижасида ушбу кўрсаткич 17,9 километрга етказилди. Шунингдек, 33 дона қозон ва 79 дона насос ускуналари таъмирланиб, тўлиқ ишчи ҳолатга келтирилди.

– Амалга оширилган ишлар ҳудудлар кесимида ҳам аниқ натижаларни бермоқда, – дейди МЧЖ директори Анвар Бўриев. – Жумладан, Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлари ҳамда Конимех туманининг Зафаробод қўрғонида иссиқлик тармоқлари босқичма-босқич таъмирланиб, аҳолини иссиқлик билан таъминлашдаги техник узилишлар хавфи сезиларли даражада камайтирилди. Айниқса, мавсум аввалида бажарилган жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари тизим барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.

Мазкур чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси билан узвий боғлиқ. Ушбу қарор асосида 2025-2028 йилларда Навоий вилоятида жами 113 километр иссиқлик тармоқларини алмаштириш режалаштирилган бўлиб, 2025 йил учун белгиланган ишлар доирасида қарийб 29 километр тармоқ янгиланиши кўзда тутилган эди. Амалда эса ушбу режанинг салмоқли қисми бажарилиб, 21 километр иссиқлик тармоқларида қувурлар тўлиқ алмаштирилди. Бу, аввало, энергия йўқотишларини камайтириш ва хизмат сифатини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, 2026 йилда Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарларида жами 40 километрдан ортиқ иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш белгиланган. Бундан ташқари, 2026-2030 йиллар давомида иссиқлик таъминоти соҳасида умумий қиймати 378 миллиард сўмдан ортиқ бўлган йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу маблағлар янги иссиқлик тармоқлари ва қозонхоналар қуриш, мавжуд тизимларни модернизация қилиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилади.
Жумладан, 2026 йилда Зарафшон шаҳрининг 13-, 14- ва 19-кичик туманларида қурилаётган янги уй-жой массивларини иссиқлик билан таъминлаш мақсадида 20 километр иссиқлик тармоқлари ҳамда 1 дона қозонхона қурилади. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 8,9 миллиард сўмни ташкил этади.
Шунингдек, Учқудуқ шаҳридаги марказий сув иситиш қозонхонасига қарашли 40 километр иссиқлик тармоқлари модернизация ва реконструкция қилинади. Бундан ташқари, “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ учун жами 99,2 миллиард сўмдан зиёдроқ маблағ ажратилиб, унинг 11 миллиард сўми қозонхоналар ва иссиқлик тармоқларининг энергия самарадорлигини оширишга, 88,2 миллиард сўми эса 293 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш ишларига йўналтирилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатишга қаратилган лойиҳалар аҳолининг иссиқлик таъминотида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда. Бу орқали истеъмолчиларда иссиқликни бошқариш имконияти кенгайиб, ортиқча сарф-харажатлар қисқаради.
Хуллас, Навоий вилоятида иссиқлик таъминоти соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар нафақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш, балки келгусида барқарор, замонавий ва энергия тежамкор тизимни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса аҳоли турмуш сифати ошиши, куз-қиш мавсумларида ижтимоий барқарорлик таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири