Юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Навоий вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида илк бор юқори технологияли ва ноёб жарроҳлик амалиёти – жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди.
Бемор 1983 йилда туғилган бўлиб, узоқ йиллар давомида жигар циррози билан оғриб келган. Касаллик асорати кучайиб, жигар етишмовчилигига олиб келган. Консерватив даволаш усуллари кутилган натижани бермагани сабабли трансплантация ягона самарали чора сифатида танланди.
Донор сифатида беморнинг турмуш ўртоғи розилик билдирди. Операциядан олдин донор ва реципиент чуқур тиббий текширувлардан ўтказилди. Лаборатор таҳлиллар, компьютер томографияси ва магнит-резонанс текширувлари, қон гуруҳи ҳамда тўқима мослиги аниқланди. Шунингдек, кардиологик ва анестезиологик баҳолашлар ўтказилиб, кўп тармоқли консилиум ижобий хулоса берди.

Қарийб 12 соат давом этган операцияда икки жарроҳлик бригадаси бир вақтнинг ўзида иш олиб борди: бири донордан жигарнинг бир қисмини ажратиб олган бўлса, иккинчиси уни реципиентга кўчириб ўтказди. Амалиёт халқаро трансплантология стандартлари асосида, юқори аниқлик ва катта маҳорат билан бажарилди.
Айни пайтда донор ва реципиентнинг аҳволи барқарор. Трансплантант функцияси қониқарли, беморлар доимий шифокорлар назорати остида.
А.Бўриев, ЎзА мухбири