Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда Хусусий бандлик агентликлари федерацияси ҳамкорлигида “Хорижда иш” меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Унда юртимизда фаолият юритаётган Workmall, Getwork, Worldbridge, Horizon Work, Bestwill, International Migration Line, Jobbridge, Mirpower, Interwork ва The Best Staff каби ўндан ортиқ хусусий бандлик агентликлари иштирок этди. Ушбу агентликлар томонидан фуқароларимизга хорижий давлатларда қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги юқори маошли иш ўринлари таклиф этилди.
– Ҳозирги вақтда дунё меҳнат бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган, малака ва билим энг муҳим капиталга айланган бир шароитда юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар учун муносиб иш ўринлари яратиш, шу жумладан, меҳнат миграциясини тартибга солиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган, – дейди Миграция агентлиги Навоий ҳудудий филиали бошлиғи Исмат Болтаев. – Бугун ташкил этилган меҳнат ярмаркаси вилоят аҳолиси, айниқса хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимиз учун янги имкониятлар эшигини очди, десам муболаға бўлмайди. Ушбу ярмаркалар фуқароларга қонуний, хавфсиз ва кафолатланган меҳнат фаолиятини йўлга қўйишда муҳим роль ўйнайди. Эътиборли жиҳати шундаки, таклиф этилаётган барча иш ўринлари расмий меҳнат шартномалари, қонуний визалар ва рухсатномалар, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари асосида амалга оширилади. Бу эса фуқароларимизнинг хавфсиз ва барқарор меҳнат фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-27246]
Ярмаркада 1,5 минг нафардан зиёд фуқаро иштирок этиб, уларга хусусий бандлик агентликлари мутахассислари томонидан хорижда ишлаш шартлари, меҳнат шартномалари, виза ва рухсатномалар, иш ҳақи, ижтимоий кафолатлар ҳамда хавфсизлик масалалари юзасидан аниқ ҳамда ишончли маълумотлар тақдим этилди.
Якунда 1117 нафар фуқаро хорижда вақтинчалик меҳнат қилиш истагини билдириб, рўйхатдан ўтди.
“Хорижда иш” меҳнат ярмаркаси Хатирчи туманида ҳам ўтказилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари