Навоий вилояти Қизилтепа туманида фаолият юритиб келаётган “Еко Гарден Навоий” МЧЖга қарашли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона томонидан газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатилган. Бунинг натижасида ҳисобга олинмаган табиий газ бўйича 613 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди.
Бу каби қоидабузарлик ҳолати “Кармана техно газ оил” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ҳам аниқланди. Унга кўра, мазкур шохобча табиий газдан мавжуд бўлган дебитор қарздорлиги сабабли газ тармоғидан ажратилган бўлишига қарамасдан, истеъмолчи томонидан тармоққа ўзбошимчалик билан қайта улаб олинган.
Мазкур ноқонуний ҳолат натижасида давлат манфаатларига етказилган умумий зарар миқдори 580 миллион сўмни ташкил этган.
Бу ҳолатлар “Ўзэнергоинспекция” ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда Навоий вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида аниқланди.
Ҳозирда қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА