Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда иккинчи бор “Узум сайли” ўтказилди
19:36 / 2022-09-10

Навоий вилояти ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси, Хатирчи тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Хатирчи туманидаги Истироҳат боғида вилоятда иккинчи бор “Узум сайли” ўтказилди.

Машҳур табиб Абу Али ибн Сино узумнинг хусусиятлари ҳақида шундай ёзади: “Бир мунча муддат олиб қўйилган узум танани яхши озиқлантириб, қувватлантиради. Яхши пишган узумнинг зарари пишмаганидан камроқдир. Узумнинг ўзи шарбатидан кўра фойдалироқдир. Узум ва данакли мағиз ичак оғриғида яхши фойда қилади. Шунингдек, майизи буйрак ва қовуқ учун ҳам фойдали. Ич кетиш ва йўғон ичак хасталикларида ҳам фойдали. Узум поясининг суви тошларни майдалайди, сўгал, қонталаш, темираткини даволайди”.

– Ушбу фестивални ўтказишдан асосий мақсад, вилоятимизнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, туризм турларидан бири бўлган “гастрономик туризм” турини кенгайтиришдир, – дейди вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари Дилшод Хўжаев. – Шунингдек, узумчилик соҳасида экспорт тизимини янада тараққий эттириш, узум етиштирувчи боғбонлар ўртасида сўнгги ютуқлар ва тажрибаларни алмашиш, ноёб ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, миришкорларимиз меҳнатларидан баҳраманд бўлиш, уларни янада қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

“Узум сайли”га бағишланган расмлар танлови ўтказилиб, миллий таомларимиздан ош ва кабоб ҳам тайёрланди.

Сайилда Навоий шаҳри ва Қизилтепа, Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Кармана, Конимех туманларидаги узумчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ва миришкор деҳқонлар иштирок этиб, узумдан тайёрланган виночилик маҳсулотлари, узум шинниси ва мурабболар, полиз маҳсулотлари ҳамда мевалар кўргазмаси ташкил этилди.

[gallery-8731]

– 90 сотих узумзорим бор, – дейди хатирчилик Фарҳод Азизов. – Асосан узумнинг офтоби, қора кишмиш навларидан майиз тайёрлаб, сотамиз. Бу йил 5 тонна атрофида майиз тайёрлаб, 70 миллион сўм атрофида даромад олишни кўзлаб турибмиз. Майиз донаси йириклиги, данаги йўқлиги билан ажралиб туради. Майизнинг ширинлиги боис жуда харидоргир. Узумчиликнинг орқасидан оила тебратяпмиз. Уйлар қуриб, тўйлар қиляпмиз. Фарзандларимизни ўқитяпмиз. Барчаси узумчиликнинг орқасидан.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, узум таркибида кўп миқдорда қандлар, органик кислоталар, С, В витаминлари, ошловчи ва бўёқ моддалар мавжуд бўлиб, халқ табобатида эса узум шарбати, шунингдек, узумнинг нордон навлари иштаҳани очувчи ва овқат ҳазм қилишни яхшиловчи восита сифатида қўлланилади.

Вилоятда ҳам ана шундай дармондориларга бой, юзлаб гектар боғлар, токзорлар бор. Бугунги кунда вилоятда жами токзорлар 6,8 минг гектарни ташкил этади. Жорий йилда 90 минг 323 тонна ҳосил етиштирилиб, ички бозорда сотилган бўлса, 800 минг долларлик 643,2 тонна узум маҳсулотлари экспорт қилинди.

– 2022 йилда 6,5 минг гектар майдонда узумзор барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 839 гектар майдонда токзорлар барпо этилди, – дейди Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими бошлиғи Шарофиддин Жумақулов. – Янги узумзорларнинг 364,5 гектари фойдаланишдан чиққан ерларда, 374,5 гектари лалми ва яйлов ерларда, 11,5 гектари пахта ва ғалладан қисқарган майдонларга ва 88,5 гектари бузилган боғ ва токзорлар ўринида барпо этилди.

Фестиваль якунида узумчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ва деҳқонларга ташкилотчилар томонидан “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА