Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги доирасида тадбирлар бошланди.
Ҳафталик очилишида бугунги кунда юртимизда хотин-қизлар, хусусан, илм-фан соҳасида инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этаётган олима, ихтирочи хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги йиғилиш баёнига асосан ўтказилаётган “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги ҳам ана шундай эзгу ишлардан биридир.
– Ҳафталик доирасида танлов, кўргазма, ўқув семинарлари, мотивацион психологик тренинглар, давра суҳбатлари ташкил қилинади, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиярова. – Шунингдек, иштирокчилар олима, ихтирочи, турли соҳаларда илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган хотин-қизлар билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашади.
[gallery-8145]
– Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети умум физика кафедрасида устозим Бобур Носиров раҳбарлигида “Материалларнинг товуш тушиш коэффициентини аниқлаш қурилмаси” устида иш олиб бормоқдаман, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Моҳинур Қувватова. – Ҳозирги кунда технологик жараёнларнинг ривожланиши ва инсон ҳаётига кириб келиши натижасида улардан ҳосил бўлаётган шовқинга қарши курашиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу муаммога қарши курашиш йўлларидан бири бу технологик жараёнлар ва қурилмаларни кам шовқин ҳосил қиладиган қилиб яратишдир. Биз таклиф қилаётган қурилма шовқинни ютувчи материалларни яратиш устида иш олиб бораётган мутахассислар учун фойдали бўлади, деб ўйлайман.
6 кун давом этадиган ҳафталик доирасида “Интеллектуал мулк объектларига муҳофаза ҳужжатларини олиш тартиблари”, “Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бренд олиш ва ташқи бозорларга олиб чиқиш йўллари”, “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик масалалари ва гендер маданияти” мавзуларида давра суҳбатлари, фидойи меҳнати билан элга танилган олима, ихтирочи ва тадбиркор аёллар билан учрашувлар ўтказилади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА