Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида “Президент арчаси” янги йил байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ҳар бир байрам болалар билан тотли. Уларнинг хурсандчилиги бахтимиз, уларнинг қувончи қувончимиздир. Янги йил байрами арафасида эса жажжи болажонлар кўнглига қувонч улашиб, давлатимиз ғамхўрлигининг ифодаси сифатида “Президент совғаси” тортиқ қилинади.
Байрам тадбирида вилоят шаҳар ва туманларидан 200 нафар оилавий болалар уйлари ва Мурувват уйи тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган ўғил-қизлар ва Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фарзандлари иштирок этди.
[gallery-10127]
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов болажонларни кириб келаётган 2023 йил билан муборакбод этиб, юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, давлатимиз томонидан уларнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб тарбияланишлари учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлади.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг болаларга йўллаган Янги йил байрами табриги, ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат каби жиҳозлардан иборат “Президент совғаси” топширилди.
Безатилган арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокида театрлаштирилган томошалар болажонлар қувончига қувонч қўшди.
Томошалар жараёнида болажонлар ҳам шеърлар айтиб, шўх қўшиқларга рақс тушди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА