Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда ғалла ўрим-йиғими давом этмоқда
14:06 / 2025-06-18

Айни кунларда Навоий вилоятида ғалла ўрим-йиғими ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Жорий йилда вилоятда 867 та фермер хўжаликлари томонидан 94 минг 27 тонна ҳосил йиғиштириб олиш мақсадида 34 минг 300 гектар ер майдонига бошоқли дон экилган эди.

Дастлаб ҳудудларда бошоқли донларни нест-нобуд қилмасдан сифатли ўриб олиш ва ғаллани дон қабул қилиш корхоналарига етказиб беришни талаб даражасида ташкил этиш мақсадида семинарлар ташкил этилди. Уларда мазкур жараённи белгиланган тартибда, беталафот ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Ғалла парвариши билан боғлиқ барча агротехник тадбирлар, жумладан, маҳаллий ва минерал ўғит билан озиқлантириш, суғориш ишлари белгиланган талаблар асосида олиб борилди. Ўрим мавсуми бошланиш аввалида семинар ташкил этилиб, барча вазифалар белгилаб олинди, – дейди вилоят ғалла ўрим штаби бошлиғи Жаҳонгир Болиев. – Жорий йилда ўрим мавсумига 115 та комбайн жалб этилган бўлиб, уларнинг техник ҳолати қатъий назоратга олинган. Вилоятимиздаги мавжуд донни қабул қилиш шохобчаларида автомобиль тарози, лаборатория, очиқ майдон, ёпиқ сиғимлари тайёргарлиги шай ҳолатга келтирилган ва мавсум сўнггигача белгиланган тартибда фаолият олиб боради.

Жорий йилда Навбаҳор туманида 7750 гектар майдонга дон экилган бўлиб, фермер хўжаликлари билан 22097 тонна дон йиғиштириб олиш бўйича шартномавий режа тузилган. Ҳозирда “Келачи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган фермер хўжаликлари далаларида ўрим-йиғим жараёни кетмоқда.

– Ўтган йили кузда 27 гектар майдонга бошоқли дон эккан эдик, – дейди “Нозимжон Азизбек” фермер хўжалиги раҳбари Нозимжон Раббимқулов. – Агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказганлигимиз боис қилинган меҳнатимиз бесамар кетмади. Далаларимизда мўл ҳосил етиштирилган. Ҳозирча гектаридан ўртача 70 центнердан ҳосил олмоқдамиз. Ҳали далаларда ўрилмаган ғаллазорларимиз бор. Уларнинг ҳисобига ҳосилдорлик янада ошади ва даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади.

Айни шу кунларда қишнинг қаҳратони-ю, баҳорнинг серёғин кунларига қарамасдан меҳнат қилган ғаллакорлар бир лаҳза бўлса-да ўрим-йиғим ишларини сусайтиргани йўқ. Ҳозирда вилоятда 420 га яқин фермер хўжаликларида ғалла ўрим-йиғими ишлари давом этмоқда. Уларнинг 170 дан ортиғи белгиланган шартномавий режани ортиғи билан бажарди. 

Ғаллакор фермерларнинг мақсади аниқ: далаларда етиштирилган ҳосилнинг бир мисқолини ҳам қолдирмасдан йиғиштириб олиб, эл дастурхонига етказиб бериш. Улар яхши билишади: бугунги машаққатли меҳнат эртанги фаровон турмушимиз ва дастурхонимиз тўкинлиги учун хизмат қилади. 

Абдували Бўриев, ЎзА мухбири