Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда ғалла ўрим-йиғим мавсумида 103 та комбайн ишламоқда
10:19 / 2021-06-14

Навоий вилоятида 2021 йил учун 855 та ғалла етиштирувчи хўжалик томонидан 90 минг тонна ҳосил йиғиштириб олиш мақсадида 38 минг 039 гектар ер майдонига бошоқли дон экилган эди. Шундан 2746 гектар майдонда уруғлик ғалла йиғиб олинади.

Айни кунларда бошоқли дон экилган туманларда ўрим-йиғим ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Дастлаб ҳудудларда бошоқли донларни нест-нобуд қилмасдан сифатли ўриб олиш ва ғаллани дон корхоналарига қабул қилишни талаб даражасида ташкил этиш мақсадида дон қабул қилиш шохобчаларида тузилган отрядлар аъзолари ҳамда мутасаддилар иштирокида семинарлар ташкил этилди. Уларда мазкур жараённи белгиланган тартибда, беталофот ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Жорий йилда ўрим мавсумига 103 та комбайн жалб этилган бўлиб, уларнинг техник ҳолати қатъий назоратга олинган. Шу билан бирга, вилоят бўйича 103 та отряд ташкил қилиниб, йиғим жараёни уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Вилоятдаги 2 та дон корхонаси ва уларга қарашли 6 та дон шохобчаси тўлиқ мавсумга тайёр ҳолга келтирилган. Вилоят бўйича 8 та дон қабул қилиш лабораториялари мавжуд бўлиб, шундан 6 таси “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ ва 2 таси “Қизилтепа ун заводи” ва унинг шохобчаларига тўғри келади. Шунингдек, “Навоийдонмаҳсулотлари” акционерлик жамиятида 2 та уруғчилик цехи мавжуд. 1 уруғлик цехига 3 минг 69 тонна, иккинчисига 6 минг 431 тонна уруғлик қабул қилиниши режалаштирилган.  

Таъкидлаш жоизки, супер элита навларини қопларда қабул қилиш учун алоҳида ёпиқ сиғимлар ташкил этилган. Шу билан бир қаторда вилоятда иш олиб бораётган 9 та дон кластерида ҳам донни қабул қилиш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур дон кластерларининг автомобиль тарози, лаборатория, очиқ майдон, ёпиқ сиғимлари тайёргарлиги шай ҳолатга келтирилган ва мавсум сўнггигача белгиланган тартибда фаолият олиб боради.

Жорий йилда Навбаҳор туманида 8682 гектар майдонга дон экилган бўлиб, 19 888 тонна дон йиғиштириб олиш режалаштирилган. Мавсумга 21 та комбайн “Ўзагроинспекция” туман бўлими инспекторлари сертификати асосида қабул қилиб олинган.  

– Ўтган йили кузда доннинг “Давр” ва “Старшина” навидан эккан эдик, – дейди “Диёрбек Ҳамид келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Умид Аҳмедов. – Агро техника тадбирларини ўз вақтида ўтказганлигимиз боис қилинган меҳнатимиз бесамар кетмади. Давлатга ғалла сотиш режасини биринчилардан бўлиб бажардик. Режадаги 90,4 тонна ўрнига 95 тонна ғалла топширдик. Ҳар гектар ердан 55 центнердан ҳосил олинди. Ҳали ўрилмаган ғаллазорларимиз бор. Уларнинг ҳисобига ҳосилдорлик янада ошади ва даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади.

Қизилтепа туманида эса жорий йил 10 минг 224 гектар майдонга бошоқли дон экилган бўлиб, шартномавий режа 23 минг 132 тоннани ташкил этади. Ғалла ўрим-йиғим тадбирига 30 та комбайн сафарбар этилди. Ғалла ўримининг дастлабки кунларидан Ўрта чўл зонаси ҳудудида жойлашган “Мустақиллик-10", "Қурбон Латиф", "Маликахон қизи", "Навниҳол Ўртачўл", Йўлдош ота-2000", “Валиобод”, “Аҳад бобо” каби фермер хўжаликлари дон топшириш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди.  

– Ўттиз гектар майдонга доннинг “Давр” навидан эккандик, – дейди “Ота касб Қизилтепа” фермер хўжалиги раиси Ризо Жалолов. – Икки кунда ғаллани ўриб, кластерга 17,8, давлатга 66,4 тонна дон топширдим. “Ўзагроинспекция” туман бўлими ходимлари доимий тарзда келиб, дон экилишидан бошлаб ғалла ўрилгунигача бўлган даврда тавсия ва кўрсатмаларини бериб турди.  

Айни шу кунларда қишнинг қаҳратони, баҳорнинг серёғин кунларига қарамасдан меҳнат қилган ғаллакорлар бир лаҳза бўлса-да, ўрим-йиғим ишларини сусайтиргани йўқ. Уларнинг мақсади аниқ: далаларда етиштирилган ҳосилнинг бир мисқолини ҳам қолдирмасдан йиғиштириб олиб, эл дастурхонига етказиб бериш. Улар яхши билади, бугунги машаққатли меҳнат эртанги фаровон турмушимиз ва дастурхонимиз тўкинлиги учун хизмат қилади.  

Абдували Бўриев, ЎзА